Суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ маъмурий ушлаб туриш Конституцияга зид деб топилди
Ўзбекистонда суд қарорисиз шахсни 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш мумкин эмас. Конституциявий суд Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда бунга зид бўлган 3 ва 10 суткалик муддатларни Конституцияга номувофиқ деб топди.

Суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ маъмурий ушлаб туриш Конституцияга зид деб топилди
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди 2026-йил 22-сентабрдаги қарори билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 288-моддаси иккинчи қисмининг айрим қоидаларини Конституциянинг 27-моддаси учинчи қисмига мос эмас, деб топди.
Мазкур иш Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) мурожаати асосида кўриб чиқилди. Мурожаатда 2025–2026-йилларда фуқаролардан шахсни 48 соатдан ортиқ маъмурий тартибда ушлаб туриш юзасидан 6 та шикоят келиб тушгани қайд этилган.
«Ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас»
Шу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларига мувофиқ, ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга; ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас.
Конституциянинг 15-моддасига биноан, Конституция олий юридик кучга эга ва тўғридан-тўғри амал қилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 288-моддаси иккинчи қисмига кўра, чегара тартибини ёки давлат чегараси орқали ўтиш пунктидаги тартибни бузган шахс баённома тузиш учун қисқа муддатга ушлаб турилиши мумкин эди. Шу билан бирга, ҳуқуқбузарнинг шахсини ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлаш учун зарур бўлган ҳолларда шахс ушланган пайтдан бошлаб 24 соат ичида прокурорга ёзма равишда маълум қилиниб, 3 суткагача, шахсни тасдиқловчи ҳужжати бўлмаса эса прокурор санксияси билан 10 суткагача ушлаб турилиши мумкинлиги назарда тутилган эди.
Конституциявий суд қуйидагиларни қайд этди: кодексдаги 3 ва 10 суткалик муддатлар Конституциядаги 48 соатлик чегарадан ортиқ; 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш зарурати туғилганда суд қарорини олиш механизми назарда тутилмаган;

