ССВ, АДФД ва УНОПС Бешкент шаҳрида 300 ўринли кўп тармоқли шифохона қуриш бўйича келишув имзолади
ССВ, Абу Даби тараққиёт жамғармаси ва УНОПС Бешкент шаҳрида 300 ўринли кўп тармоқли шифохона қуриш ва уни ривожлантириш бўйича келишув имзолади. Қарийб 127,1 млн долларлик ташаббус Қашқадарёда соғлиқни сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш ва телемедицина хизматларини кенгайтиришни ҳам қамраб олади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ), Абу Даби тараққиёт жамғармаси (АДФД) ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Лойиҳалар бўйича хизмати (УНОПС) Қашқадарё вилоятининг Бешкент шаҳрида 300 ўринли янги кўп тармоқли шифохона қуриш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда УНОПС "Газета"га маълум қилди.
2026-йил 7-августда имзоланган ушбу келишув Қашқадарё вилоятида тиббий хизматларни яхшилашга қаратилган лойиҳанинг иккинчи қисмини ташкил этади. Ушбу йўналиш Абу Даби тараққиёт жамғармаси томонидан молиялаштирилади.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон ҳукуматининг соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш дастури доирасида амалга оширилмоқда. У 2024-йил февралда қабул қилинган президент қарорига асосан Қарши ва Бешкент шаҳарларида янги кўп тармоқли шифохоналар барпо этиш ҳамда уларни замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлашни кўзда тутади.
**Бешкент шифохонасининг дизайни**
Бешкентда қуриладиган янги шифохона мавжуд инфратузилмани алмаштиради. Ҳозирги бинолар қурилиш талаблари, сейсмик барқарорлик ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш стандартларига тўлиқ жавоб бермайди. Янги муассасада акушерлик, педиатрия, жарроҳлик, юқумли касалликлар, патология ва амбулатор тиббий ёрдам хизматлари йўлга қўйилади.
Лойиҳа доирасидаги яна икки компонент 2025-йил ноябрда имзоланган бўлиб, улар Қарши шаҳри ва вилоятнинг бошқа ҳудудларида соғлиқни сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда Қашқадарё бўйлаб телемедицина хизматларини жорий этишни ўз ичига олади. Бу йўналишлар Ислом тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.
**Қарши шаҳри шифохонаси дизайни**
Маълумотларга кўра, лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 127,1 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Шундан 84,6 миллион доллари Ислом тараққиёт банки, 42,5 миллион доллари эса Абу Даби тараққиёт жамғармаси томонидан молиялаштирилади.
УНОПС Қарши ва Бешкент шифохоналари учун техник-иқтисодий асослар, архитектура ва муҳандислик лойиҳаларини ишлаб чиққан. Лойиҳанинг асосий мақсади Қашқадарё вилояти аҳолисининг сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдан иборат.

