“Совет даври хотираларини эмас, ўзлигимизни тиклаш учун курашяпмиз”. Алишер Қодиров яна Маданий мерос агентлигини танқид қилди

“Совет даври хотираларини эмас, ўзлигимизни тиклаш учун курашяпмиз”. Алишер Қодиров Маданий мерос агентлигини яна танқид қилди
“Миллий тикланиш” демократик партияси раиси, депутат Алишер Қодиров маданий мерос обьектларини муҳофаза қилиш масаласида Маданий мерос агентлигига яна эътироз билдирди.
Бу гал Қодиров Сулаймон Боқирғоний билан боғлиқ тарихий обьект масаласини кўтарди. Унинг ёзишича, қорақалпоғистонликлар Боқирғонийни Ҳаким ота деб ҳурмат қилади ва унинг ўгитларига жиддий қарайди.
Депутатнинг айтишича, Нукус университети тарихшунос талабалари ушбу жойда ХИ асрга тегишли экани айтилаётган, алломанинг мадрасаси бўлган иншоотни аниқлаган. Аммо имконият етишмагани ва обьект ҳудудида янги қабрлар пайдо бўлгани сабабли ишлар тўхтаб қолган.
Қодиров бу борада Маданий мерос агентлигини танқид қилиб, идоранинг совет даври иншоотлари ва мозаикаларини ҳимоя қилишга устуворлик бераётганини тузатилиши лозим бўлган жиддий хато деб атади.
“Жамиятнинг бир қисми истаганича бағрикенг ёки башарий бўлиши мумкин, лекин миллий юксалиш йўлидаги давлатнинг бирорта ҳам идораси бундай бўла олмайди. Ҳар қандай алоқаларда миллий манфаатларимиз устувор бўлганидек, маданий мероснинг ҳам мафкуравий моҳиятига қараб устуворлик берилиши шарт”, деб ёзди депутат.
У фикрини: “Унутманг, биз совет даври хотираларини эмас, ўзлигимизни тиклаш учун курашяпмиз”, дея якунлади.
Алишер Қодиров ва Маданий мерос агентлиги ўртасидаги баҳс Тошкент шаҳри Бобур кўчаси, 7-уйда жойлашган маданий мерос обьектини сақлаб қолиш масаласидан бошланган.
Қодиров ушбу обьектни сақлаб қолиш масаласига қарши чиқиб, агентлик аввало миллий маданиятга оид обьектларни ҳимоя қилишга эътибор қаратиши кераклигини айтганди. Депутат Маданий мерос агентлиги “умуминсоний қадриятлар агентлиги эмас, миллий маданиятимизнинг агентлиги” эканини таъкидлаган эди.
Маданий мерос агентлиги бунга жавобан Бобур кўчаси, 7-уйдаги бино 1935-йилда қурилгани ва Тошкентда фаолият юритган меъмор Алексей Щусев номи билан боғлиқлигини маълум қилган. Турли йилларда бу бинода Ўзбекистон илм-фани ва маданияти ривожига ҳисса қўшган олим ва профессорлар ҳам яшагани айтилган. Агентлик маданий мерос обьектига “бугун бизга керакми ёки керак эмасми?” деган мезон билан баҳо берилмаслигини билдирган.
Шундан сўнг Қодиров агентликнинг муносабатига жавоб қайтариб, Сармишсой, Шоҳи Зинда, Миздаҳқон, Мингтепа ҳамда Бухородаги қадимий Қуръон қўлёзмаси билан боғлиқ масалаларни кўтарган. У агентлик Қонунчилик палатасидаги бюджет ҳисоботи давомида депутатларнинг саволларига жавоб бериш ўрнига расмий муносабат билдирганини танқид қилган.
“Партия жавоб муносабати қилмайди, албатта, лекин саволларимизга жавоб олиш учун парламент сўрови ёки эшитуви ваколатимиздан фойдаланишга ҳаракат қилиб кўрамиз”, деган эди Қодиров.
Кейин эса Маданий мерос агентлиги депутатнинг эътирозларига яна жавоб қайтарди. Агентлик маълумотига кўра, Сармишсойдан ташқари Қодиров тилга олган обьектлар бўйича партия ёки фраксия номидан аввал расмий депутатлик сўрови келиб тушмаган. Сармишсой масаласида эса 2025-йилда Қодиров бощилигидаги ищи гуруҳ ўрганиш ўтказгани, унинг якунлари бўйича депутатлик сўрови киритилиб, расмий жавоб берилгани билдирилган.
Агентлик Сармишсойдаги ишлар учун давлат буджетидан 4,2 млрд сўм, агентлик жамғармасидан яна 1,2 млрд сўм ажратилганини маълум қилган. Шунингдек, Мингтепани муҳофаза қилиш ва музейлаштириш учун 2024—2025-йилларда жами 2,4 млрд сўм давлат маблағи йўналтирилгани айтилган.
Агентлик Бобур кўчасидаги обьектга республика буджетидан ҳозирга қадар маблағ сарфланмаганини ҳам таъкидлаб, “Маданий меросни миллат билан эмас, қадрият билан ўлчайлик”, деган эди.

