Сўровнома: респондентларнинг ҳар уч нафаридан бири ижтимоий тармоқларда керагидан кўп вақт ўтказади

Сўровнома: респондентларнинг ҳар уч нафаридан бири ижтимоий тармоқларда керагидан кўп вақт ўтказади
“Юксалиш” ҳаракатининг “Опинионс” социологик тадқиқотлар маркази Ижтимоий ва иқтисодий ташаббуслар институти билан ҳамкорликда ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш бўйича сўров ўтказди.
“Ижтимоий тармоқлар даврида ҳаёт” мавзусидаги сўровда Ўзбекистоннинг 14 та ҳудудидан 1371 нафар респондент қатнашди. Тадқиқотда ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш мақсадлари, уларга ажратилаётган вақт ҳамда ўқиш, иш ва уйқуга таъсири ўрганилди.
Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 62,2 фоизи ёки 853 нафари ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш уйқусига таъсир қилишини айтган. 18 ёш ва ундан катта иштирокчиларнинг 58,1 фоизи эса ижтимоий тармоқлар иш ёки кундалик вазифаларига маълум даражада халақит беришини қайд этган.
13—17 ёшли респондентлар орасида ижтимоий тармоқларнинг уйқуга таъсирини сезганлар улуши 74,4 фоизни ташкил этган. Ушбу ёш гуруҳидаги иштирокчиларнинг қарийб тўртдан уч қисми ижтимоий тармоқлар ўқиш ёки уй вазифаларига ҳам халақит беришини билдирган.
Ўсмирларнинг 66,7 фоизининг ота-онаси уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини доимий, 28,2 фоизининг ота-онаси эса баъзан назорат қилишини кўрсатган. Ўсмирларнинг 5,1 фоизи ота-онаси бу борада уларни назорат қилмаслигини билдирган.
Респондентларнинг 37,3 фоизи ёки 512 нафари иш ёки ўқиш кунларида ижтимоий тармоқларга кунига икки соатдан ортиқ вақт сарфлайди. Иштирокчиларнинг 12,4 фоизи ёки 170 нафари эса улардан кунига тўрт соатдан кўпроқ фойдаланишини билдирган.
Дам олиш кунларида ижтимоий тармоқларга тўрт соатдан ортиқ вақт ажратадиганлар улуши 19,7 фоизни ёки 270 нафарни ташкил этган.
Иштирокчиларнинг 57 фоизи ижтимоий тармоқларда сарфлаётган вақтини меъёрида деб ҳисоблайди. Бироқ 33,4 фоизи ёки 458 нафари уларда керагидан кўпроқ вақт ўтказаётганини тан олган.
Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш вақтини камайтиришга уринганларнинг 511 нафари бунга эришган, 327 нафари эса эриша олмаган. Респондентларнинг 28 фоизи вақтни камайтиришга эҳтиёж сезмаслигини билдирган.
Сўров натижаларига кўра, ижтимоий тармоқларда кунига икки соатдан ортиқ вақт ўтказадиганлар улуши нафақадаги респондентлар орасида 54 фоизни ташкил этган. Уй-рўзғор ишлари билан банд иштирокчиларда бу кўрсаткич 43,7 фоиз, талабаларда 32,7 фоиз, мактаб ўқувчиларида эса 27,3 фоиз бўлган.
Сўровда Телеграм энг кўп фойдаланиладиган платформа бўлган. Уни респондентларнинг 88,9 фоизи ёки 1219 нафари танлаган. Кейинги ўринларда Инстаграм 73,5 фоиз ва ЁуТубе 61,8 фоиз билан қайд этилган. Фасебоокъдан эса иштирокчиларнинг 24,7 фоизи ёки 338 нафари фойдаланишини билдирган.
Респондентларнинг 69,9 фоизи ёки 958 нафари ижтимоий тармоқлардан дўстлари ва оила аъзолари билан мулоқот қилиш учун фойдаланади. Янгиликларни кузатишни 64 фоиз, таълим олишни 43,8 фоиз, кўнгилочар контентни 42,2 фоиз, даромад ва касбий мақсадларни эса 40,6 фоиз иштирокчи танлаган.
Респондентлар ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш билан боғлиқ муаммолар орасида энг кўп ортиқча вақт сарфлашни қайд этган. Бу вариантни иштирокчиларнинг 30,1 фоизи ёки 413 нафари танлаган.
Сохта ёки ишончсиз ахборотни 18,6 фоиз, фирибгарлик ва шахсий маълумотларнинг тарқалишини эса 13,2 фоиз респондент энг кўп ташвиш уйғотадиган муаммо деб ҳисоблаган.
Шунингдек, иштирокчиларнинг 6,9 фоизи уйқу ва саломатликка таъсирни, яна 6,9 фоизи оила аъзолари ўртасидаги мулоқотнинг камайишини, 4,2 фоизи ҳақорат ва тазьиқни кўрсатган. Респондентларнинг 8,5 фоизи ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш муаммо келтириб чиқармайди деб ҳисоблаган.
“Юксалиш” ҳаракати сўров натижаларидан келиб чиқиб, ижтимоий тармоқлардан онгли, хавфсиз ва меъёрида фойдаланиш бўйича тизимли дастурлар ишлаб чиқишни тавсия қилган.
Шу билан бирга, таълим муассасалари ва маҳаллаларда вақтни бошқариш, медиа саводхонлик, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, сохта ахборотни аниқлаш ва ижтимоий тармоқлардан онгли фойдаланиш бўйича амалий машғулотларни йўлга қўйиш таклиф этилган.

