Сўмга нима бўляпти?
Доллар сўмга нисбатан кетма-кет 9 та савдо сессиясида 2 фоиздан кўпроққа мустаҳкамланди. Иқтисодчи Миркомил Холбоев миллий валюта курси динамикасидаги ўзгаришларни таҳлил қилди. Унинг қайд этишича, сўмнинг қадрсизланишига қарз тўловлари, реал курснинг ўзгариши ва пул ўтказмаларининг мавсумий камайиши каби омиллар таъсир кўрсатаётган бўлиши мумкин.

**Сўмга нима бўляпти?**
Охирги 9 та савдо сессиясида сўм долларга нисбатан қадрсизланиб, 2 фоизга ўз қийматини йўқотди. Бундан ташқари, долларнинг расмий курси 31-июлдан бери энг юқори даражага қайтди. Йил бошидан буён эса сўм эришган барча мустаҳкамланишларини ҳам йўқотди.
**Доллар глобал миқёсда мустаҳкамланмоқда**
Октабр ойида аксарият валюталар долларга нисбатан қадрсизланмоқда. Хусусан, танлаб олинган 39 та валютанинг 26 таси долларга нисбатан қадрсизланган. Фақат 8 та валютада мустаҳкамланиш кузатилган. Яъни, глобал миқёсда ҳам кўпчилик валюталар долларга нисбатан қадрсизланмоқда, сўм ҳам улар сафида. Долларнинг мустаҳкамланиши, ўз навбатида, сентабр ойида АҚШ Марказий банки фоиз ставкасини оширгани ҳамда октабр ойидаги йиғилишда ҳам ошириш бўйича кутилмалар кучайгани билан изоҳланади. АҚШда инфляциянинг тезлашаётгани эса фоиз ставкаси оширилиши эҳтимолини янада кучайтирмоқда.
Сўм курсидаги ўзгаришга глобал долларнинг мустаҳкамланишидан ташқари бошқа омиллар ҳам таъсир қилаётган бўлиши мумкин.
Учинчи чорак якуни билан ҳукумат ёки хусусий секторларнинг қарз тўлови бўйича бир марталик талаби валюта бозорида қисқа муддатли талабнинг ошишига олиб келган бўлиши мумкин.
Май ойидан реал курс мустаҳкамланишни бошлаганди. Марказий банк ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи рақобатдошлиги йўқолишининг олдини олиш учун (стерилизация бўйича) интервенсияларни ортга сураётган бўлиши мумкин. Умуман олганда, жорий йилда ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада кам олтин экспорт қилинди. Бу эса Марказий банкнинг валюта орқали стерилизация имкониятлари олдинги йилгидан камроқ эканини кўрсатади.
**Пул ўтказмаларининг мавсумий мўтадиллашиши**

