Маҳаллий

Сирдарёда Дамасъда 16 нафар боғча боласини ташиган ҳайдовчига чора кўрилди

Сирдарё вилояти Гулистон туманида Дамас ҳайдовчиси 16 нафар боғча тарбияланувчисини олиб кетаётган вақтида тўхтатилди. Унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, БҲМнинг икки баравари миқдорида жаримага тортилди.

Сирдарёда Дамасъда 16 нафар боғча боласини олиб кетган ҳайдовчига чора кўрилди

Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида Дамас ҳайдовчиси 16 нафар боғча тарбияланувчисини олиб кетаётган пайтда Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан тўхтатилди.

Маълум қилинишича, амалдаги Йўл ҳаракати қоидаларига биноан, транспорт воситасининг техник паспортида кўзда тутилганидан ортиқ одам ташиш тақиқланади.

Аниқланган ҳолатда Дамас русумли автомобил одам ташиш қоидаларини бузган ҳолда 16 нафар боғча тарбияланувчисини олиб кетаётган бўлган. Ҳайдовчи билан қоидабузарликнинг эҳтимолий оқибатлари юзасидан профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган.

Ҳолат бўйича ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128−8-моддаси (Транспорт воситасида одам ташиш қоидаларини бузиш) асосида маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Мазкур моддага кўра, транспорт воситасида одам ташиш қоидаларини бузиш базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

ИИБ бундай қоидабузарликлар йўл-транспорт ҳодисаларига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантириб, ота-оналарни фарзандларини ташишда транспорт воситасидаги йўловчилар сони ва хавфсизлик талабларига эътиборли бўлишга чақирди.

Болалар боғчалари тарбияланувчиларини хавфсизлик қоидаларини бузган ҳолда 4−7 ўринли автомобилларда ташиш Ўзбекистонда анча кенг тарқалган.

Май ойида Нурота туманида 14 нафар боғча боласи бўлган Матиз ҳалокатга учрагани ҳақида хабар берилганди.

Рулда ҳайдовчилик гувоҳномаси олмаган оилавий боғча раҳбари бўлган. Ҳодиса оқибатида аёл вафот этган, болалар эса турли тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган.

Шундан сўнг ЙҲХХ 1−8-май кунлари болаларни транспортда меъёрдан ортиқ ташиш билан боғлиқ 125 та ҳолатни аниқлаган.

Идора ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошевга кўра, айрим ҳолатларда Дамасъларда 25−28 нафаргача, Спарк автомобилларида эса 18 нафаргача бола ташилган.

Бундан ташқари, Андижон вилояти Хўжаобод туманида 21 нафар боғча боласини Траскеръда олиб кетаётган ҳайдовчи ЙТҲ содир этганди. Оқибатда 6 ёшли қиз ҳалок бўлиб, яна 7 нафар бола жароҳат олган. Суд ҳайдовчига нисбатан 3 йил муддатга озодликни чеклаш ва 2 йилга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

Таъкидлаш жоизки, бундай қоидабузарликнинг оғир оқибатлари ҳақида мунтазам хабар ва огоҳлантиришлар бериб келинаётгани ҳамда назорат тадбирлари ўтказилаётганига қарамай, йўлларда болалар ҳаётини хавфга қўйиб, уларни сиғимдан ортиқ ташиш ҳолатлари тез-тез учраб туради.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.