Маҳаллий

Сирдарёда Дамасъда 13 нафар болани ташиган ҳайдовчига чора кўрилди

Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида Дамас ҳайдовчиси 13 нафар боғча тарбияланувчисини олиб кетаётган вақтида тўхтатилди. Унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, БҲМнинг икки баравари миқдорида жаримага тортилди.

Сирдарёда Дамасъда 13 нафар болани ташиган ҳайдовчига нисбатан чора кўрилди

Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида 13 нафар боғча боласини ташиётган Дамас ҳайдовчисига маъмурий чора қўлланди.

Воқеа 8-октабр куни Тошкент маҳалласида юз берган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари болаларни ташиш қоидалари бузилаётганини аниқлаб, ҳайдовчини тўхтатган.

Маълум қилинишича, ҳайдовчи устидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128−8-моддаси асосида маъмурий баённома тузилган. Ушбу модда транспорт воситасида одам ташиш қоидаларини бузганлик учун БҲМнинг 2 баравари миқдорида жарима белгилайди. Шунингдек, у билан профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган.

Ҳайдовчи ўз хатосини тан олиб, бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини айтган. У бошқа ҳайдовчиларни ҳам болаларни белгиланган меъёрдан ортиқ ташимасликка чақирган.

Болалар боғчалари тарбияланувчиларини хавфсизлик қоидаларини бузган ҳолда 4−7 ўринли автомобилларда ташиш Ўзбекистонда анча кенг тарқалган.

Хусусан, сентабр ойида Сирдарё вилояти Гулистон туманида Дамасъда 16 нафар боғча тарбияланувчиси, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида эса 21 нафар бола ташилаётгани аниқланганди.

Болаларни ташишдаги бундай қоидабузарликлар айрим ҳолларда оғир оқибатларга ҳам олиб келган. Хусусан, май ойида Нурота туманида 14 нафар боғча боласи бўлган Матиз ҳалокатга учрагани хабар қилинганди. Рулда ҳайдовчилик гувоҳномаси олмаган оилавий боғча раҳбари бўлган. Ҳодиса оқибатида аёл вафот этган, болалар турли тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган.

Бундан ташқари, Андижон вилояти Хўжаобод туманида 21 нафар боғча боласини Траскеръда олиб кетаётган ҳайдовчи ЙТҲ содир этганди. Оқибатда 6 ёшли қиз ҳалок бўлиб, яна 7 нафар бола жароҳат олган. Суд ҳайдовчига нисбатан 3 йил муддатга озодликни чеклаш ва 2 йилга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.