Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимдан олингани айтилмоқда
Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Фаррух Ҳайдаров лавозимидан олингани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар тарқалди. Kun.uzънинг бир-биридан икки мустақил манбаси бу маълумотни тасдиқлади.

Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимидан озод этилгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Манбалардан бирининг маълумотига кўра, Ҳайдаровнинг ишдан бўшатилиши унинг қўл остидаги ходимга оғир тан жароҳати етказгани билан боғлиқ.
Kun.uz нашри Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовга ушбу масала бўйича сўров юборган. Ғиёсов бу хабарни на тасдиқлади, на инкор этди.
Ички ишлар ходимига тан жароҳати етказилгани ҳақидаги маълумот юзасидан Бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Kun.uz сўровига жавоб бермади.
Фаррух Убайдуллаевич Ҳайдаров Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимига 2025-йил март ойида тайинланган бўлиб, кейинчалик полковник унвонини олган.
У 1983-йилда Қозоғистонда туғилган ва 2004-йилда ИИВ Академиясини тамомлаган. Фаолияти давомида Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек ва Яккасарой туманларида ҳам ИИБ бошлиғи лавозимларида ишлаган.

