Технология

“СИни монополлаштирманг”. ИСТ Веек Узбекистан экспертлари Ўзбекистонга СИни ривожлантириш учун қандай тавсиялар берди?

АИ-нативе авлодни тарбиялаш учун Ўзбекистон келгуси беш йилда таълимга ва илғор маҳаллий СИ моделларга сармоя киритиши, маҳаллий стартапларни глобал миқёсга кенгайтириши ва хусусий сектор билан ҳамкорлик қилиши зарур. Моҳирдев асосчиси Анвар Нарзуллаев ҳукуматни СИни монополлаштирмасликка чақирди.

“СИни монополлаштирманг”. ИСТ Веек Узбекистан экспертлари Ўзбекистонда СИни ривожлантириш учун қандай тавсиялар берди?

АИ-нативе авлодни шакллантириш учун Ўзбекистон келгуси беш йил давомида таълимга, илғор маҳаллий СИ моделларига сармоя киритиши, маҳаллий стартапларни глобал даражага олиб чиқиши ва хусусий сектор билан яқин ҳамкорлик қилиши керак. ИСТ Веек Узбекистан доирасида бўлиб ўтган панел муҳокамаларидан бирида экспертлар айнан шу масалаларни тилга олди.

“СИ билан улғайган авлодни тарбиялаш ва СИга тайёр жамиятни қуриш” мавзусидаги панел якунида мутахассислар Ўзбекистон учун кейинги беш йилликдаги энг муҳим вазифалар бўйича фикр ва тавсияларини билдирди.

Фаррух Қўшназаров келажакда стартапларнинг роли янада ошишини инобатга олиб, илғор стартаплар ва СИ яратувчиларини тайёрлашга, айниқса таълимга кўпроқ эътибор қаратиш лозимлигини айтди.

“Беш йиллик истиқбол нуқтаи назаридан, мен кучли пойдеворга эга, қаттиқ ва юмшоқ кўникмалари мувозанатлашган, танқидий фикрлайдиган мутахассислар муҳим деб ҳисоблайман. Шундай экан, таълимга кўпроқ урғу бериш ва ҳозир қилаётган ишимизни давом эттириш керак”, — деди у.

Александр Заполскийнинг фикрича, Ўзбекистон СИ соҳасида минтақада ўз ўрнига эга бўлиши мумкин, бироқ бу салоҳият фақат минтақавий даража билан чекланиб қолмаслиги керак. “Сиз минтақада, эҳтимол дунёда очиқ кодли СИ бўйича етакчи давлатга айланишингиз мумкин”, деди у.

Заполскийнинг айтишича, Ўзбекистонда СИ ривожи учун учта асосий омил зарур: ҳисоблаш қувватлари, билим ва малака, шунингдек сифатли маълумотлар тўплами. У мамлакатда рақамлаштириш борасида қилинган ишларни юқори баҳолаб, маълумотлар тўплами аллақачон мавжудлигини қайд этди. Унингча, келгуси беш йил ичида ҳисоблаш қувватларига эҳтиёж ҳам қопланади.

“Яхши очиқ кодли СИ яратиш учун ҳисоблаш қувватлари керак бўлади. Мамлакатда бу борада сармоялар киритилганига гувоҳ бўлиб турибман ва келажакда янада кўпроқ сармоя киритилади. Яъни, кейинги беш йил ичида ҳисоблаш қувватларига бўлган эҳтиёж қондирилиб, бу бўшлиқ тўлдирилади, — деди Заполски. — Бу ерда тадқиқотчилар бор, муҳандислар бор, ажойиб университетлар бор, демак, билим ва малака мавжуд”.

У Ўзбекистон келгуси беш йил ичида ўзининг илғор СИ моделларини яратиш салоҳиятини ривожлантиришига умид билдирди. Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, ҳукумат бу борада чегаралардан ташқарига чиқиб, ушбу моделларни ўқитиш учун очиқ маълумотлар тўпламларидан фойдаланиш имконини бериши керак.

Заполски илғор СИ моделларини ишлаб чиқишда ҳамкорликнинг аҳамиятига ҳам алоҳида тўхталди.

“Яна бир бор таъкидлайман, бунга фақат ҳамкорлик, яъни халқаро ҳамкорлик орқалигина эришиш мумкин. Ҳеч ким АҚШнинг йирик гигантлари ва Хитойнинг янги етакчиларига қарши ёлғиз кураша олмайди. Демак, ягона йўл — ўрта катталикдаги мамлакатлар коалициясини тузиш ва аниқ ҳамкорликни ривожлантиришдир”, — деди у.

Анвар Нарзуллаевнинг айтишича, СИ даврида улғаяётган авлодни тарбиялашда СИ агентлар ўқиш-ўрганишда ўз эгасидан ҳам ўзиб кетиши мумкинлигини ҳисобга олиш керак.

“Бундан буён ҳар бир янги авлод ўз СИ ёрдамчисига эга бўлишини ҳисобга олишимиз керак. Уларнинг шахсий СИ агенти бўлади. Улар бирор нарсани ўрганар экан, фақат ўзлари эмас, СИ агенти ҳам ўрганади. Баъзан эса агент эгасидан кўра кўпроқ ўрганади”, — деди у.

Шу билан бирга, Анвар Нарзуллаев маҳаллий моделларни ишлаб чиқиш борасида Александр Заполскининг фикрини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.

“Биз ўз СИ моделларимизга, маҳаллий моделларга сармоя киритишимиз керак. Келажакда кимда СИ энг кучли бўлса, ўша қобилиятлироқ ва билимлироқ бўлади. Бунга ҳозирнинг ўзида гувоҳ бўлиб турибмиз. Масалан, АҚШ ҳукумати энг илғор СИ моделларини бошқа давлатлар учун ёпиб қўйяпти, тўғрими? Слауде билан шундай бўлди. Опус ва Фабле моделлари эндигина чиққан пайтда АҚШ ҳукумати уларни АҚШ фуқароси бўлмаган барча фойдаланувчилар учун тақиқлади. Келажакда бундай ҳолатлар тобора кўпаяди. Энг илғор моделлардан фойдаланиш фақат ўша давлатларнинг ўзи билан чекланади, бизга эса қуйироқ даражадаги моделларни беришади. Шунинг учун ўз СИ моделларимизга сармоя киритишни бугундан бошлашимиз керак”, — дея тушунтирди у.

Нарзуллаевнинг қайд этишича, Ўзбекистон ўз СИ моделларига эга бўлиши ва бу борада бошқа давлатларга қарам бўлмаслиги лозим. Шу ўринда у ҳукуматни СИ соҳасини ривожлантиришда хусусий сектор билан яқиндан ҳамкорлик қилишга чақирди.

“Бу ерда кўплаб давлат идоралари вакиллари ўтиришибди. Сизларга мурожаат қилмоқчиман: илтимос, бу ишни хусусий сектор билан бирга қилинг, СИни монополлаштирманг. Ўзбекистонда СИ давлат томонидан монополлаштирилаётганини қайта-қайта кўряпмиз. Бироқ глобал стратегияга қарасангиз, энг илғор моделларнинг барчасини хусусий сектор яратади”, — деди Анвар Нарзуллаев.

У ҳозир кенг қўлланаётган СИ моделлари айнан хусусий сектор томонидан ишлаб чиқилганини таъкидлаб, ОпенАИ ва Антҳрописни мисол келтирди.

“Дунё бўйича энг илғор моделларни айнан хусусий компаниялар ишлаб чиқмоқда. Хўш, улар пулни қаердан олади? Давлат буюртмаларидан. Шунинг учун давлатга СИ керак бўлса, илтимос, бизга, хусусий секторга мурожаат қилинг. Биз ёрдам берамиз”, — дея очиқ мурожаат қилди у.

Акмал Қодиров ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлади. У бугунги кунда Ўзбекистонда яхши СИ ва ИТ лойиҳаларига молиялаштириш етишмаётганини айтди.

“Ҳозир давлат ИТ лойиҳаларга яхши ёрдам беряпти. Лекин… Мен таълим соҳасида ишлайман ва жуда кўп ажойиб СИ лойиҳаларни, умуман ИТ лойиҳаларни кўраман. Уларга ҳақиқатан ҳам инвестиция ва, айтиш мумкинки, акселерация етишмайди. Шу боис давлатдан ёш мутахассисларни кўпроқ қўллаб-қувватлашини, кўпроқ, айниқса СИ соҳасига сармоя киритишини истардик”, — деди у.

Акмал Эргашев эса келажакда СИ соҳасидаги муваффақият “сертификатлар сони билан эмас, балки реал ҳаётдаги амалий таъсир билан ўлчанишини” қайд этди.

Эргашев келгуси беш йилда Ўзбекистонда СИни ривожлантиришнинг учта устувор йўналишини санаб ўтди.

“Аввало, нафақат истеъмолчи, балки яратувчи ҳам бўлиш. Демак, АИ-нативе бўлиш — бу нафақат СИ чатботларидан фойдаланиш, балки реал муаммоларни ҳал қилиш учун, масалан, маҳаллий қишлоқ хўжалиги, банк иши, таъминот занжирлари ёки энергетика соҳаларини оптималлаштириш мақсадида СИ моделларини яратиш, мослаштириш ва жорий этишни ҳам англатади. Иккинчидан, СИ ҳамма учун одатий воситага айланиши керак: нафақат дастурий таъминот ишлаб чиқувчилари, балки шифокорлар, агрономлар, молиявий таҳлилчилар ва бошқалар учун ҳам. Учинчиси эса стартаплар. Яъни, маҳаллий стартапларнинг глобал миқёсда кенгайиши. Ўзбекистоннинг СИ бўйича стартаплари халқаро миқёсда рақобатлашаётганини кўрганимизда, бу бизнинг тўғри йўлда эканлигимизнинг энг асосий исботи бўлади”, — дея хулоса қилди у.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.