Сингапур кунига 15 дақиқа китоб ўқиганларга пул беради

Сингапур кунига 15 дақиқа китоб ўқиганларга пул тўлайди
Сингапур ҳукумати ижтимоий тармоқларга қарамликни камайтириш учун ноодатий ечим топди. Энди кунига камида 15 дақиқа китоб ўқиган фуқаролар молиявий мукофот олади.
Давлат дастури сентябр ойида йўлга қўйилган бўлиб, аҳолида мунтазам мутолаа одатини шакллантиришга қаратилган. Мукофот олиш учун фуқаро кунига камида 15 дақиқасини китоб ўқишга ажратиши етарли. Бундай ўқиш сеанси учун 20 та виртуал танга берилади. 1 000 та танга йиғилгач, уларни 1 Сингапур долларига (тахминан 9 200 сўм) алмаштириш мумкин. Кунига фақат битта ўқиш сеанси ҳисобга олинади.
Натижалар ҳукуматнинг веб-сайти орқали қайд этиб борилади. Расмийлар бу ташаббусни янгиликлар ва ижтимоий тармоқлар ленталарини тинимсиз варақлашга муқобил сифатида кўрмоқда.
“Биз контент, ахборот ва турли таъсирлар ҳаддан ташқари кўп бўлган дунёда яшаяпмиз. Исталган вақтда юзлаб сарлавҳаларни кўздан кечиришимиз, видео томоша қилишимиз ёки деярли ҳар қандай нарсанинг қисқача мазмунини билиб олишимиз мумкин” , деди Миллий кутубхона кенгаши раҳбари Мелисса Там.
У фойдали одатлар кичик, аммо мунтазам ҳаракатлар орқали шаклланишини таъкидлади. Шу сабабли ташкилотчилар 15 дақиқалик мутолаадан бошламоқда.
“Автобусда, ухлашдан олдин ёки тушлик пайтида мутолаа қилиш”, деди Там.
Бу ташаббус Сингапур ҳукуматининг ижтимоий тармоқларнинг, айниқса, ёшларга салбий таъсирини камайтиришга қаратилган кенг кўламли саъй-ҳаракатларининг бир қисмига айланди. Мамлакатда ижтимоий платформалардан фойдаланиш учун кунлик вақт чекловини жорий этиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.
Ҳукуматнинг мутолаа борасидаги хавотирларига қарамай, яқинда Сингапурнинг 15 ёшли ўқувчилари 2025-йилги Халқаро ўқувчиларни баҳолаш дастурида (ПИСА) Хитой ва Тайванни ортда қолдириб, ўқиш саводхонлиги бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллади. Фойдали одатларни шакллантириш учун молиявий мукофотлардан фойдаланиш Сингапур учун янгилик эмас. Илгари давлат фуқароларга жисмоний фаоллик ва кунлик қадамлар сони бўйича ваучерлар ва бошқа мукофотлар таклиф қилган.

