Сингапур автобусларида овқатланиш ва қулоқчинсиз мусиқа тинглаш тақиқланди

Сингапур автобусларида овқатланиш ва қулоқчинсиз мусиқа тинглаш тақиқланди
Сингапурда автобусда бошқаларга халақит берадиган тарзда баланд овозда мусиқа ёки видео қўйиб юрадиганлар қарийб 300 фунт стерлинг миқдорида жаримага тортилади. Бундан ташқари, расмийлар автобусда ейиш ва ичишни ҳам тақиқлади. Бу ҳақда Тҳе Индепендент хабар берди.
Маълум қилинишича, 23-сентябрдан бошлаб шаҳардаги автобусларда оёқни ўриндиққа қўйиш, чиқинди ташлаш, салон ичида овқатланиш ва сув ичиш каби қоидабузарликлар учун йўловчилар 500 Сингапур долларигача (тахминан 391 АҚШ доллари) жаримага тортилиши мумкин.
Қоидалар поездларда аллақачон амал қилиб келаётган эди. Ерусти транспорти бошқармаси бу ўзгаришлар барча йўловчилар учун хавфсиз ва қулай муҳит яратиш мақсадида қилинганини билдирди. Автобус бекатларида ёки терминалда бошқаларга хавф туғдириш ёхуд транспорт воситасини ифлослантириш учун эса 5000 Сингапур долларигача жарима белгиланган.
Автобус ҳайдовчилари йўловчиларнинг хатти-ҳаракатларини назорат қилмайди ва жарима ёзмайди. Бунинг ўрнига автобус операторларининг ваколатли ходимлари қоидабузарларга билдиришнома юборади ва бошқарма буни текшириб чиқади.
Ҳайдовчилар фақат қоидани бузган йўловчиларни тушириб юбориш ёки оғир ҳолатларда полицияга мурожаат қилиш ҳуқуқини сақлаб қолади. Шунингдек, ходимлар қоидаларни жисмоний ёки руҳий саломатлиги бўйича имконияти чекланган шахсларга нисбатан адолатли қўллаши шарт.
Сингапурда жамоат жойларидаги тартиб қатъий назорат қилинади. Автобус ва трамвайларда баланд овозда мусиқа тинглашни тақиқлаш амалиёти Полшанинг Краков шаҳри, Ҳиндистоннинг Тамил-Наду штати ҳамда Лондонда ҳам қўлланиб келинмоқда.

