Сифациз товар учун электрон савдода ким жавоб бериши белгиланди
Ўзбекистонда электрон тижоратга оид қонунчилик такомиллаштирилиб, трансчегаравий электрон савдо тушунчаси белгиланди. Шунингдек, сифациз товар ёки хизматлар билан боғлиқ низоларда сотувчи ва электрон тижорат операторининг жавобгарлиги аниқлаштирилди.

Сифациз товар бўйича электрон савдода ким жавоб бериши аниқланди
10-сентабр куни қабул қилинган ЎРҚ–1173-сонли қонун билан айрим қонун ҳужжатларига электрон тижорат соҳасига оид ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қонунга мувофиқ, электрон тижорат иштирокчилари ва операторлари турли давлатлар ҳудудида жойлашган бўлиб, улардан бири Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритган ҳолда амалга ошириладиган электрон савдо трансчегаравий электрон тижорат ҳисобланади.
Шунингдек, реализация қилиш жойи Ўзбекистон деб эътироф этиладиган электрон хизматларни кўрсатувчи ёки электрон савдо платформалари орқали товар сотувчи чет эл юридик шахсларига ҳужжатларни юбориш бўйича алоҳида тартиб белгиланди.
Бундай юридик шахсларга ҳужжатлар қоғоз шаклида ёки телекоммуникация каналлари орқали электрон кўринишда жўнатилгандан кейин 30 кун ўтгач олинган деб ҳисобланади.
Қонун билан электрон савдода сотувчининг жавобгарлиги ҳам аниқ белгиланди. Хусусан, электрон тижорат операторининг ахборот тизими орқали тузилган шартнома бўйича сотувчи ўз фаолиятига тааллуқли мажбуриятларни бажариш учун асосий жавобгар ҳисобланади.
Бундан ташқари, харидорга сифациз товар, иш ёки хизмат етказиб берилиши, шунингдек, номақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини алмаштириш билан боғлиқ низолар учун ҳам асосий жавобгарлик сотувчи зиммасида бўлади.
Агар сотувчи харидорнинг қонуний талабларини қаноатлантира олмаса, шартнома ёки қонунчиликда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, электрон тижорат оператори харидор олдида субсидиар жавобгар бўлади.
ЎРҚ–1173-сонли қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

