Швецияда балиқ ови учун чувалчанг қазиётган аёл 24 мингта кумуш танга топиб олди

Швецияда балиқ ови учун чувалчанг излаб ер ковлаётган аёл 24 мингта кумуш танга топди
Швецияда бир аёл балиқ ови учун чувалчанг қидириб ер қазиганида 24 100 дона кумуш танга топиб олди. Бу ҳақда маҳаллий Раа нашри маълум қилди.
Швеция ҳукумати мамлакат тарихига оид ушбу йирик хазинани сотиб олади: аёлга 350 минг евро берилади.
Аёл хазинани Сёдертелье муниципалитети ҳудудидан топган. Хазина таркибида қарийб 24 100 дона кумуш танга ҳамда викинглар даври ва илк ўрта асрларга оид яна 144 та буюм бор. Топилмалар асосан кумушдан иборат, аммо улар орасида зарҳал буюмлар ва бир нечта олтин предметлар ҳам мавжуд.
Швеция Миллий мерос бошқармаси маълумотига кўра, хазина яхши сақланган ва ниҳоятда катта тарихий аҳамиятга эга. Топилма тадқиқотчиларга Швеция тарихидаги иқтисодиёт, савдо алоқалари ва жамият тузилиши ҳақида янги маълумотлар бериши мумкин.
Хазинани топган аёл бу ҳақда дарҳол расмийларга хабар берган ва қонунда белгиланган барча талабларни бажарган.
“Мукофот пули адолатли бўлиши керак. У топилмани аниқлаган шахс манфаатларига зарар етказмаслиги, бироқ ноқонуний хазина қидиришни рағбатлантирадиган даражада юқори ҳам бўлмаслиги лозим”, дейилади расмийлар баёнотида.

