Швеция ва Белгиянинг Ўзбекистондаги янги элчилари тайинланди
ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов Швеция ва Белгиянинг янги элчилари Мартин Розен ва Матиас Кендедан ишонч ёрлиқларини қабул қилди. Учрашувларда сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Швеция ва Белгиянинг Ўзбекистондаги янги элчилари тайинланди
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Швеция ва Белгиянинг мамлакатдаги янги тайинланган элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди. Бу ҳақда ТИВ раҳбари 10-сентабр куни ўзининг Телеграм каналида маълум қилди.
Швециянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимига Мартин Розен тайинланди.
Бахтиёр Саидовнинг айтишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон — Швеция муносабатлари анча фаоллашган.
Учрашувда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги бевосита алоқаларни рағбатлантириш зарурлиги таъкидланди.
“Элчи жанобларига янги вазифасида муваффақиятлар тилаб, ўзаро муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш учун биргаликда ишлашга тайёр эканимизни билдирдик”, — деди вазир.
Мартин Розен 2022−2026-йилларда Швециянинг Ўзбекистондаги элчиси бўлган Томас Данестад ўрнига тайинланди.
Белгия элчиси Матиас Кенде.
Белгиянинг Ўзбекистондаги янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Матиас Кенде ҳам ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди.
“Суҳбат давомида Тошкентда Белгия элчихонаси фаолияти йўлга қўйилаётгани икки давлат муносабатларидаги муҳим воқеа экани қайд этилди”, — деб ёзди Бахтиёр Саидов.
Учрашувда давлатлар ўртасидаги сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Ўзбекистон — Белгия алоқаларини икки томонлама муносабатлар ҳамда Европа Иттифоқи доирасида янада ривожлантиришга тайёрлик билдирилди.
“Жаноб элчига Ўзбекистондаги масъулиятли ва шарафли фаолиятида улкан муваффақиятлар тилаймиз”, — деди ТИВ раҳбари.
Матиас Кенде аввалроқ Белгиянинг Тошкентдаги элчиси сифатида аккредитациядан ўтган Эрик де Маер ўрнига тайинланди.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Швеция ўртасида дипломатик муносабатлар 1992-йил 8-апрелда, Ўзбекистон ва Белгия ўртасида эса 1992-йил 16-мартда ўрнатилган.

