“Шу формани тиктириб киясизлар” - УрДУда талабаларга бир йилда икки марта форма талаби қўйилмоқда
Урганч давлат университетида 2026/27 ўқув йилидан талабалар учун янги форма жорий этилмоқда. Kun.uzъга келиб тушган аудиода университет масъулларидан бири экани айтилаётган шахс талабалардан белгиланган формани тиктириб кийишни талаб қилади. Манбага кўра, талабалар ўтган ўқув йилининг охирида ҳам янги форма олишган эди.

Урганч давлат университетида талабалардан бир йил ичида икки марта форма талаб қилинмоқда, бу эса норозиликларга сабаб бўлмоқда.
Kun.uz'га етиб келган аудиоёзувда университет масъулларидан бири талабаларга янги форма кийиш бўйича кўрсатма берган. Унга кўра, ўғил болалар тўқ кўк рангли костюм-шим, қизлар эса юбка-кофтанинг икки вариантидан бирини танлаб тикдиришлари шарт. Аудиоёзувда: "Бугундан ҳаракатни қилинг, шу формани тиктириб киясизлар", – дейилган.
Шунингдек, университет гуруҳларида ўқитувчи-тюторларга талабаларнинг кийим ўлчамларини йиғиш бўйича топшириқ берилгани маълум қилинган.
Манбанинг хабар беришича, жорий йилнинг апрел-май ойларида ҳам УрДУ талабалари учун адрас матоли янги форма жорий қилинган эди. Орадан бир неча ой ўтиб, янги ўқув йили арафасида яна бошқа – кўк ва оқ рангли форма харид қилиш талаби қўйилмоқда.
Ўзбекистон олий таълим тизимида талабалар формаси масаласи узоқ йиллардан бери баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келади. Икки йил аввал Тошкент давлат педагогика университетида декан ўринбосари талабаларга маълум бир дизайндаги формани сотиб олиш ва кийиш бўйича босим ўтказган эди. Ўтган ўқув йилида эса Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида бир гуруҳ талабалар формаси йўқлиги сабабли дарсга киритилмагани айтилган, аммо маъмурият уларнинг дарсга кечикиб келгани сабабли олийгоҳга қўйилмаганини билдирган.
Олий таълим вазирлиги бу борадаги муҳокамаларда сўнгги йилларда доимий равишда бир фикрни таъкидлаб келади: талабаларнинг кийиниши юзасидан ҳар бир ОТМ ўз ички тартиб-қоидаларидан келиб чиқиб талаб белгилашга ҳақли. Шу билан бирга, вазирлик талабалар формаси бўйича ОТМларга талаб қўйилмаслигини айтиб келади.
Бироқ, бу ерда бошқа савол пайдо бўлади: ички тартибда кийиниш талабини белгилаш билан талабаларга муайян моделдаги янги кийимни (баъзан қисқа муддатларда қайта-қайта) тикдириш мажбуриятидан қандай манфаат бор? Қолаверса, бундай форма ким томонидан танлангани, унинг нархи қанча экани, талабаларга муқобил вариантлар берилган-берилмагани ва аввалги формани олган талабаларнинг янги формага яна харажат қилиш зарурати қандай асослангани ҳам очиқ қолмоқда.
Таълим масканими ёки диплом фабрикаси: олий таълимда бугун стандартлар қандай?

