Шри Ланкада маҳбуслар исён кўтарди: қурбон ва жароҳатланганлар бор

Шри Ланкада маҳбуслар қўзғолони: қурбонлар ва жароҳатланганлар бор
Шри Ланканинг турли қамоқхоналарида юз берган тартибсизликлар оқибатида уч маҳбус ҳалок бўлди ва 23 киши жароҳатланди. Воқеа жойларига полиция ва махсус кучлар жалб этилди. Бу ҳақда Ал Жазеера хабар берди.
Жамоат хавфсизлиги вазири Ананда Вижепаланинг парламентда маълум қилишича, 6-август куни кечаси пойтахт Коломбодаги Нев Магазине қамоқхонасидан 40 нафар маҳбус қочишга уринганида бир маҳбус ўлдирилган.
7-август куни эрталаб пойтахтдан тахминан 80 километр узоқликдаги Курувита қамоқхонасида иккинчи тартибсизлик юз берди. У ерда яна икки маҳбус ҳалок бўлди.
Вазирнинг таъкидлашича, ушбу икки ҳодиса натижасида 23 нафар маҳбус жароҳат олиб, шифохоналарга ётқизилган. Полиция ва махсус кучлар ҳар иккала тартибсизликни назоратга олишга муваффақ бўлди.
Бундан ташқари, 7-август куни полиция Коломбодан 40 километр узоқликда жойлашган Негомбо соҳилбўйи шаҳридаги очиқ турдаги қамоқхонада намойиш ўтказаётган маҳбусларга қарши кўзни ёшлантирувчи газ ишлатган.
Вазирнинг сўзларига кўра, учала қамоқхонадаги тартибсизликларга қарши полиция томга чиқиб олган ва очиқ ҳудудларга чиққан маҳбусларни ўз камераларига қайтариш бўйича иш олиб борди. Вижепала парламентдаги нутқида зўравонликлар гиёҳванд моддалар савдогарлари ва рақобатчи жиноий тўдалар ўртасидаги келишмовчиликлар билан боғлиқ эканини айтди. У ҳукумат бу тартибсизликлар олдиндан режалаштирилганини аниқлашга уринаётганини билдирди.
“Ушбу барча ҳодисаларни бирга кўриб чиқсак, уларнинг ортида режалаштириш ва саботаж қилишга уриниш борлиги кўринади. Бироқ аниқ гапни фақат атрофлича суриштирувдан сўнг айта оламиз”, деди Вижепала.
Қамоқхоналардаги бу исёнлар Негомбодаги қамоқхонада икки кунлик тўқнашувлар оқибатида 10 нафар қамоқхона ходими ва 20 нафар маҳбус ҳалок бўлганидан бир ой ўтиб содир бўлди.
Бугунги кунда Шри Ланка қамоқхоналарида маҳбуслар сони жуда кўпайиб кетгани асосий муаммога айланган. Адлия вазири Ҳаршана Нанаяккара яқинда парламентдаги нутқида 10 минг кишига мўлжалланган қамоқхоналарда 39 мингдан ортиқ маҳбус сақланаётганини айтганди.
“Бугунги кунда Шри Ланкада маҳбуслар сони сиғимдан тўрт баравар кўп. Улар ростдан ҳам узоқ вақт сабр қилишди”, деди Маҳбуслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси президенти Сенака Перера.
Маҳбусларнинг катта қисми гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларда айбланиб, суд жараёнини кутаётган гумонланувчилардир. Переранинг сўзларига кўра, гаров эвазига озод қилиш шартларини қатъийлаштирган яқиндаги қонунлар қамоқхоналарнинг меъёридан ортиқ тўлиб кетишига олиб келди.
Ҳозирда Шри Ланка 1 миллиондан ортиқ суд ишларининг тўпланиб қолган қисмини камайтириш ва маҳбуслар сонини қисқартириш мақсадида Конституцияга ўзгартириш киритишни режалаштирмоқда. Унга кўра, юқори суд судяларининг ваколат муддати 2 йилга узайтирилади.

