Шри Ланкада 2019-йилги терактлар бўйича 15 киши 260 йилгача қамоққа ҳукм қилинди

Шри Ланкада 2019-йилги терактлар бўйича 15 киши 260 йилгача қамоққа ҳукм қилинди
Шри Ланка Олий суди 2019-йилги Пасха байрамида содир этилган қонли терактлар юзасидан 15 нафар эркакни айбдор деб топиб, уларнинг ҳар бирига 200 йилдан 260 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади. Бу ҳақда Деуцче Велле хабар берди.
Уч судядан иборат ҳайъат 22-сентябр куни 14 нафар судланувчини қотиллик, терроризм фитнаси ва ноқонуний қурол-яроғ сақлаш каби барча айбловлар бўйича айбдор деб топди. 15-судланувчи эса айбловларнинг бир қисми бўйича айбдор деб топилди.
Суд, шунингдек, маҳкумларнинг мол-мулки ва активларини мусодара қилишга қарор қилди. Иш бўйича яна 9 киши оқланган бўлиб, айбдор деб топилганлар Олий судга аппеляция бериш ҳуқуқига эга.
Террор ва беш йиллик суд жараёни
2019-йил 21-апрел куни учта черков ва учта ҳашаматли меҳмонхонада кетма-кет худкушлик портлашлари содир бўлган эди. Натижада 279 киши ҳалок бўлиб, 574 киши жароҳатланган. Бу ҳодиса мамлакат тарихидаги энг қонли воқеалардан бирига айланган.
Қарийб беш йил давом этган суд жараёнида расмийлар 25 нафар гумондорга нисбатан 23 270 та айблов қўйган. Судланувчилардан бири тергов ҳибсхонасида вафот этган, суд жараёнига эса 2300 дан ортиқ гувоҳ жалб қилинган.
Ҳукм қилинганлар орасида портлашларнинг асосий ташкилотчиси деб ҳисобланган Муҳаммад Иброҳим Муҳаммад Науфер ҳам бор. У бошқа иштирокчиларни ўз таълимоти билан радикаллаштирганликда айбланиб, 240 йиллик оғир меҳнатга ҳукм қилинди.
Ушбу ҳукм портлашларга давлат тузилмалари алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гумонлар юзасидан алоҳида тергов давом этаётган пайтда эълон қилинди. Чунки аввалроқ мамлакат разведкасининг собиқ раҳбари Суреш Солли терактни ташкиллаштиришда иштирок этганликда айбланиб ушланган эди.

