Шимолий вокзал яқинидаги «Тошкент герби» ўрнида 62 метрлик байроқ пайдо бўлади, ён-атрофидаги ҳудуд ободонлаштирилади
Пойтахтнинг Шимолий вокзали яқинидаги «Тошкент герби» монументи ўрнида 62 метрлик байроқштор ўрнатилади. Унинг ён-верида фавворалар, ўриндиқлар ва савдо дўкончалари бўлган сайр ҳудуди ободонлаштирилади. Туман ҳокими иштирокидаги эшитувда қандай эътироз ва таклифлар билдирилгани — «Газета» материалида.

Шимолий вокзал яқинидаги «Тошкент герби» ўрнида 62 метрлик байроқ ўрнатилади, туташ ҳудуд эса тартибга келтирилади
Вокзал яқинидаги Тарас Шевченко кўчасининг бир қисмида — собиқ «Тошкент герби» монументи ва Бердақ ҳайкали оралиғида — сайр қилиш зонасини ободонлаштириш ишлари бошланди. 3 ноябрь куни Миробод тумани ҳокими Анвар Сайфутдинов бу ерда эшитув ўтказиб, аҳолига лойиҳа ҳақида сўзлаб берди ва уларнинг эътирозларини тинглади.
Пойтахт герби туширилган доиравий дискни ушлаб турган қўллар кўринишидаги, 1996 йилдан 2018 йилгача мавжуд бўлган ва халқ орасида «Копейка» номи билан танилган монумент ўрнида Ўзбекистон давлат байроғи ўрнатилган 62 метрлик байроқшток ўрнатилади, унинг ортида эса фаввора қурилади.
Ҳокимиятнинг режасига кўра, бу йўловчилар ва туристлар Шимолий вокзалга етиб келганида кўрадиган визуал «ташриф қоғози»га айланади.
Монумент ҳеч қандай изоҳларсиз демонтаж қилинганидан сўнг, унинг пойдевори шу йиллар давомида бўш ётган эди ва аҳоли бу ерда нима пайдо бўлишини тахмин қилаётганди. «Копейка»ни қайта тиклаш имконияти ҳақидаги саволга Анвар Сайфутдинов салбий жавоб берди.
Ободонлаштирилиши керак бўлган ҳудуднинг умумий майдони 30 975 кв. м ни ташкил этади, шундан 2770 кв. м майдон кўкаламзорлаштирилади. Лойиҳада 228 та бута экиш, тротуар қопламасини, ёритиш тизимини янгилаш ва ўриндиқлар, шу жумладан соябонли ўриндиқлар ўрнатиш кўзда тутилган. Яшил майдонларни суғориш Солар каналидан насослар орқали амалга оширилади.
«Ҳеч қандай капитал қурилиш бўлмайди — фақат ободонлаштириш», — деб ваъда берди ҳоким. Аллеянинг иккала томонида қатнов қисмининг участкалари сақланиб қолади. Кўча бўйлаб тартибсиз парковка ўрнига пулли парковка ташкил этилади.
Канал устидаги иккита кўприк оралиғидаги участкада фавворалар, поғонали террасалар ва ҳордиқ чиқариш жойлари бўлган зона барпо этилади. Нукус кўчасига яқинроқ жойлашган мавжуд фаввора реконструкция қилинади.
Кўчада 10 та тижорат киоски пайдо бўлади. Ҳокимнинг сўзларига кўра, жойлар аукцион орқали беш йил муддатга кофе, чой, шарбатлар ва музқаймоқ сотиш учун ижарага берилади. Ресторанлар ёки бошқа умумий овқатланиш муассасаларини очиш режалаштирилмаган.
Лойиҳа доирасида кўча бўйлаб жойлашган турар жой биноларининг фасадларини янгилаш ва уларни ягона услубга келтириш ҳам кўзда тутилган.
Ушбу участкани реконструкция қилишни икки ой ичида якунлаш режалаштирилмоқда. Ноябрь ойи охиригача Шевченко кўчасининг бошқа қисмида — Фидокор кўчасидан Шаҳрисабз кўчасигача бўлган участкада ҳам ишларни якунлаш кўзда тутилган. 2024 йилда Нукус ва Фидокор кўчалари оралиғидаги 300 метр узунликдаги биринчи участка реконструкция қилинган эди. У автомобиллар ҳаракати учун ёпилган ва пойтахтдаги биринчи шундай сайр қилиш зонасига айланган.
Қорақалпоқ шоири Бердақ ҳайкали атрофидаги ҳудуд ҳам ободонлаштирилади.
Учрашув иштирокчиларидан бири вокзал биносидан бўлажак сайр қилиш зонасигача ерўсти пиёдалар ўтиш жойини ташкил этишни таклиф қилди. Ҳозирда етиб келувчилар кўчани фақат ерости ўтиш жойи орқали кесиб ўтишлари мумкин, энг яқин «зебра»лар эса узоқда жойлашган.
Анвар Сайфутдинов туман ҳокимияти бундай қарорни мустақил равишда қабул қила олмаслигини ва бу масалани Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази билан муҳокама қилишини айтди.
Аҳоли тротуарларда автомобилларнинг тартибсиз парковка қилинишидан шикоят қилди ва пулли парковка жорий этилгач, пойтахтнинг бошқа қисмларида бўлгани каби, машиналар ҳовлиларга ёпирилишидан хавотир билдирди. Ҳоким ушбу муаммо шаҳар даражасида ҳал этилгунга қадар аҳолидан мавжуд шлагбаумларни демонтаж қилиш талаб қилинмаслигини таъкидлади.
Эшитув иштирокчилари лойиҳа якунлангач, сайр қилиш зонасига ким хизмат кўрсатиши билан ҳам қизиқдилар. Анвар Сайфутдинов киосклар ижарасидан тушадиган даромадлар кўчани бошқариш дирекциясига ўтказилишини маълум қилди. Ушбу маблағлар тозалаш, ёритиш ҳақини тўлаш ва ободонлаштириш элементларини жорий таъмирлашга йўналтирилади.

