Шимолий Корея ва Россия икки давлатни боғловчи илк автомобиль кўпригини очди
Бу Украинадаги уруш бошланганидан бери икки давлат ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланиб бораётган бир пайтга тўғри келди.

Шимолий Корея ва Россия икки давлатни боғловчи биринчи автомобиль кўпригини очди.
Кўприк Туманган дарёси устидан ўтиб, Расон ва Хасан чегара шаҳарларини боғлайди. Бу чегара орқали юклар ва йўловчиларни ташишни осонлаштиради.
Пхеньян давлат ОАВлари кўприкдан "ходимлар алмашинуви, туризм ва савдо" учун фойдаланилишини маълум қилди. Аммо Украинанинг Truth Hounds OSINT гуруҳи бу кўприк "биринчи навбатда, Украинадаги урушда Россияни қўллаб-қувватлаш учун яширин ҳарбий логистика йўлагини яратиш" мақсадида мўлжалланганини айтди.
Очилиш маросими Украина уруши бошланганидан бери икки давлат ўртасидаги алоқалар чуқурлашган бир пайтда юз берди. Россия президенти Путин ва Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин аввалроқ ҳар икки давлатдан бирига нисбатан "тажовуз" содир бўлган тақдирда, бир-бирларига ёрдам беришга ваъда беришган эди.
Россия Бош вазири Михаил Мишустин кўприкни "дўстликнинг янги рамзи" деб атади, Шимолий Корея Бош вазири Пак Тхэ Сон эса уни "тарихий воқеа" деб таърифлади.
Россиянинг ТАСС давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, кўприкдан ҳар куни 300 тагача транспорт воситаси ва 2323 киши ўтиши мумкин.
Россия ва Шимолий Корея ўртасида аллақачон ҳаво ва темир йўл алоқалари мавжуд, бироқ шу пайтгача уларнинг ягона автомобиль йўли вақтинчалик чора бўлиб, унда махсус келишувга биноан, машиналар ўтиши учун темир йўл кўприги устига ёғоч тахталар ётқизилган эди, деб хабар берди Reuters.
Reuters агентлигининг хабар беришича, Россия ҳукумати кўприкдан дастлаб юк ташиш учун фойдаланилишини, жорий йил охирида эса йўловчилар қатнови учун очилишини маълум қилган.
Мишустин кўприк "савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантиришга кучли туртки" беришини айтди ва очилиш маросимида видеоалоқа орқали сўзлаган нутқида Москва ва Пхеньян ўртасидаги муносабатлар "мисли кўрилмаган юқори даражада" эканини таъкидлади.
Бунинг энг тезкор таъсири Россияга қурол экспортининг кўпайиши бўлиши мумкин.
Жанубий Корея разведка агентлиги тадқиқотчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, Шимолий Корея аллақачон кемалар орқали 7 дан 14 миллиард долларгача бўлган қийматдаги ракеталар, снарядлар ва артиллерия ўқ-дориларини жўнатган.
Тахминан 11 000 нафар Шимолий Корея аскари Россияда украиналикларга қарши фаол жанг қилмоқда.
Truth Hounds яқинда берган баёнотида, икки давлат ўртасида 2024 йилда имзоланган стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани ҳисобга олган ҳолда, кўприкдан Шимолий Корея ҳарбий хизматчилари, қурувчилари ва юқори мартабали ҳарбий мулозимларини тўғридан-тўғри Россияга ўтказиш учун фойдаланилиши мумкинлигини айтди.
Бу шунингдек, Россия технологиялари ва ресурсларининг қарама-қарши йўналишда оқиб ўтишига имкон беради.
Қурилиш 2025 йилда, Путиннинг 2024 йилда Шимолий Кореяга ташрифи чоғида кўприк қуриш бўйича келишувга эришилганидан кейин бошланган эди. Бу унинг мамлакатга 24 йил ичидаги илк ташрифи бўлиб, шериклик шартномаси имзоланишига олиб келганди. Кўприк кечикишлардан сўнг 495 кунда қуриб битказилди.
Россиялик сайёҳлар 2024 йилда мамлакатга киришига рухсат берилганидан бери Шимолий Кореяга кам сонли гуруҳлар билан келишмоқда. Шимолий Корея бошқа мамлакатлардан келувчиларни ҳали ҳам тақиқлаган ҳолда, уларни пойтахт Пхеньян ва Вонсан-Кальма соҳилбўйи курортларида қабул қилмоқда.
Ушбу йўл орқали Шимолий Корея ишчиларининг ҳам Россияга бориши кутилмоқда.
Жанубий Корея ҳисоб-китобларига кўра, Россиядаги қурилиш майдончалари ва ўрмон хўжаликларида 10 000 га яқин шимолий кореялик меҳнат қилмоқда. БМТ мамлакатларга Шимолий Корея ишчи кучидан фойдаланишни тақиқлаган бўлса-да, кўпчилик Россияга талабалик визаси ниқоби остида кириб келади.
"Қурилиш тезлиги икки томон ўртасидаги савдо фаоллиги ҳажмининг аксидир", деди Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (CSIS) таҳлил марказидан Виктор Ча шу йилнинг май ойида BBC Verify хизматига берган интервьюсида.
"Бу асосан Шимолий Корея томонидан Путиннинг Украинадаги уруши учун аскарлар, қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва ишчилар етказиб берилиши билан боғлиқ", деди у.
"Айтиш мумкинки, Украинадаги урушдан олдин бу алоқа йўли Шимолий Корея ва унинг икки қўшниси ўртасидаги энг тинч ва ҳаракатсиз йўналишлардан бири эди".

