Шимолий Корея БМТнинг ядровий назорат ташкилоти резолюциясини рад этди

Шимолий Корея БМТнинг ядровий назорат ташкилоти резолюциясини рад этди
Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги Пхенян ядровий қурол дастурини танқид қилган Халқаро атом энергияси агентлиги (ИАЕА) резолюциясини инкор этди. Бу ҳақда мамлакатнинг давлат ахборот агентлиги — КСНА баёнотига таянган ҳолда Ал Жазеера хабар берди.
Пхенян мамлакатнинг ядровий давлат мақоми қайтариб бўлмас даражада эканини ва у ядровий тийиб туриш салоҳияти билан таъминланганини маълум қилди.
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Жонг ҳам ИАЕАъни икки хил стандарт қўллашда айблади.
Унинг айтишича, агентликнинг “бирёқлама позицияси ва икки хил стандарти” халқаро ядро қуролини тарқатмаслик тизимининг емирилишига олиб келаётган асосий омилдир.
Ким Ё Жонгнинг таъкидлашича, ИАЕА АҚШнинг “очиқ-ойдин ядро тарқатиш фаолияти” ҳамда Жанубий Кореянинг ядровий сувости кемаларини жорий этиш режасига кўз юмган.
Шу билан бирга, агентлик Шимолий Кореянинг “ўзини ҳимоя қилишга қаратилган қонуний ядровий фаолияти”га қарши резолюция қабул қилган.
Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ИАЕАънинг шу ҳафтадаги умумий конференсияси давомида “душман кучлар” мамлакатнинг ядровий дастурига барҳам беришга уринаётганини таъкидлади.
Вазирлик вакили АҚШ ва Ғарб томонидан тайёрланган резолюция Шимолий Кореянинг ядровий қуролга эга давлат сифатидаги мақомига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслигини билдирди.
Давлат ОАВ хабарига кўра, Ким Чен Ин шу ҳафта уч кун давомида мамлакатдаги йирик ўқ-дори ва қурол-яроғ ишлаб чиқариш заводларини кўздан кечирган.
Таҳлилчиларга кўра, Шимолий Корея 2024-йилда Россия билан ўзаро мудофаа шартномасини имзолаганидан бери Россия ёрдами билан ҳарбий салоҳиятини кучайтирмоқда.
Уларнинг айтишича, Украинадаги урушда қатнашган Шимолий Корея ҳарбийлари орттирган жанговар тажриба ҳам мамлакат армиясини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ким Чен Ин жума куни Пхенянда тарғибот ходимлари учун ўтказилган йиғилишда ҳам нутқ сўзлаган.
У замонавий “мафкуравий кураш” эски усулларни такрорлаш эмас, балки янгилик, ижодкорлик ва фаол ёндашувни талаб қилишини таъкидлаган.
Ким Ё Жонг АҚШ ва Жанубий Кореяга нисбатан икки хил стандарт қўлланаётганини танқид қилаётган бир пайтда, Вашингтон ва Сеул Шимолий Корея билан муносабатларни яхшилаш истагини билдирмоқда.
Жанубий Корея президенти Ли Же Мёнг 18-сентябр куни АҚШ президенти Доналд Трамп Пхенян билан мулоқот қилишни истаётганини айтди. Сеул эҳтимолий музокараларга ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.
Трамп эса Ким Чен Ин билан биринчи президентлик даврида бошланган алоқаларни қайта тиклашга интилмоқда. АҚШ президенти ўтган ой шу йил охиригача Шимолий Корея етакчиси билан учрашишни режалаштираётганини маълум қилган.
Трамп Ким Чен Ин билан яхши муносабатда бўлиш муҳимлигини таъкидлаб, Пхенянда ҳозир 57 та жуда кучли ядровий қурол борлигини айтган.

