Шахмат олимпиадасида қизиқ ҳолат: Маршалл ороллари вакили 4 юришда мот бўлди

Шахмат олимпиадасида ноодатий ҳолат юз берди: Маршалл ороллари вакили 4 юришда мағлуб бўлди
Самарқандда давом этаётган 46-бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг 5-турида ғайриоддий воқеа қайд этилди. Маршалл ороллари терма жамоаси аъзоси Абон Арелонг 3-тахтада оқ доналарда ўйинни бошлаган бўлса-да, Марказий Африка Республикаси шахматчиси Франсуа Гамба билан кечган баҳсда атиги 4 юришдан кейин мот бўлди.
Партияда Гамба қора доналарда ҳаракат қилиб, тўртинчи юришда фарзин – ф2 юришини амалга оширди ва учрашувни якунлади. Шу тариқа Марказий Африка Республикаси жамоаси мазкур беллашувда 3,5:0,5 ҳисобида ғалаба қозонди.
Абон Арелонг, шунингдек, Маршалл ороллари шахмат федерацияси вице-президенти ҳам ҳисобланади.
Маълумот учун, Маршалл ороллари терма жамоаси шахмат олимпиадасида илк бор қатнашмоқда. Жамоа таркибидаги барча шахматчилар ФИДЕ рейтинги ва халқаро унвонга эга эмас.
Яна бир маълумотга кўра, Самарқанд мезбонлик қилаётган 46-бутунжаҳон шахмат олимпиадасида жами 400 та жамоа иштирок этмоқда: эркаклар гуруҳида 208 та, аёллар ўртасида эса 192 та жамоа. Мусобақа 28-сентябрга қадар давом этади.

