Шахмат Олимпиадаси. Ўзбекистон Австрияни мағлуб этди, Синдаров иккинчи ғалабасини қўлга киритди
Ўзбекистоннинг биринчи эркаклар терма жамоаси Самарқанддаги Олимпиадада кетма-кет учинчи ўйинда ғалаба қозониб, Австрияни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Иккита ғалабали очкодан бирини Жавоҳир Синдаров келтирди. Эркаклар турнирида Ўзбекистон-2 Германияга, аёллар турнирида эса Испанияга имкониятни бой берди, учинчи терма жамоалар эса Марокаш ва Саудия Арабистони устидан ғалаба қозонишди.

Шахмат Олимпиадаси. Ўзбекистон Австрияни мағлуб этди, Синдаров иккинчи ғалабасини қўлга киритди
18 сентябрь куни Самарқандда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг учинчи тури бўлиб ўтди. Ўзбекистоннинг асосий эркаклар терма жамоаси Австрияни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Ўзбекистон-2 турнир фаворитларидан бири — Германияга имкониятни бой берди, мамлакатнинг учинчи жамоаси эса Марокаш устидан ишончли ғалабага эришди.
Уй Олимпиадасида иккинчи партиясини ўтказган Жавоҳир Синдаров иккинчи доскада оқ ранглар билан австриялик гроссмейстер Феликс Блохбергерни (2552) мағлуб этди. Ўзбекистонлик шахматчи учун бу кетма-кет иккинчи ғалаба бўлди: бир кун аввал у Перу вакили Диего Сауль Родри Флорес Кильясни ёрқин тарзда мағлуб этганди.
Синдаров аста-секин устунликка эришди ва учрашувни 44-юришда якунлади. Унинг халқаро турнирларга, жумладан, 2026 йилда Самарқандда бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига тайёргарлик кўриши ва иштирок этиши, шунингдек, мураббийлар билан ишлаши
Ўзбекистон Миллий банки
кўмагида амалга оширилмоқда.
Асосий терма жамоага яна бир очкони Константин Пейрерни мағлуб этган Муҳиддин Мадаминов келтирди. Биринчи доскада Нодирбек Абдусатторов Кирилл Алексеенко билан, Нодирбек Якуббоев эса Лукас Дотцер билан дуранг ўйнади. Натижада Ўзбекистон Австрия устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, кетма-кет учинчи жамоавий ғалабасини қўлга киритди.
Шу тариқа, биринчи терма жамоа Олимпиаданинг дастлабки учта учрашувида — Ямайка, Перу ва Австрия устидан ғалаба қозониб, максимал олти жамоавий очкога эга бўлиб турибди.
Ўзбекистоннинг иккинчи терма жамоаси турнирда илк бор очкосиз қолди ва бешинчи рақам остида сараланган Германия жамоасига 1,5:2,5 ҳисобида имкониятни бой берди.
Биринчи доскада Жаҳонгир Воҳидов Германия терма жамоаси етакчиси Винсент Каймерга ютқазиб қўйди. Абдумалик Абдисалимов Маттиас Блюбаум билан, Муҳаммадзоҳид Суяров Фредерик Сване билан, Ортиқ Ниғматов эса Расмус Сване билан дуранг ўйнади.
Уч турдан сўнг Ўзбекистон-2 ҳисобида тўрт жамоавий очко бор — икки ғалаба ва бир мағлубият.
Ўзбекистоннинг учинчи терма жамоаси Марокашни 3,5:0,5 ҳисобида мағлуб этди.
Жамоага тўлиқ очколарни Сайдакбар Сайдалиев, Муҳаммадали Абдураҳмонов ва Асроржон Омонов келтиришди. Баҳром Баҳриллаев ўз партиясини дуранг билан якунлади.
Ўзбекистон-3 ҳам уч турдан сўнг тўрт жамоавий очко жамғарди. Жамоа ягона мағлубиятни Германиядан қабул қилиб олганди.
Рейтинг бўйича бошқа етакчилар ҳам асосан ғалаба қозонишди. АҚШ Данияни мағлуб этди — 2,5:1,5, Ҳиндистон — Италияни (3:1), Хитой — Болгарияни (3,5:0,5), Нидерландия — Австралияни (2,5:1,5), Озарбайжон — Швейцарияни (3:1), Франция — Қозоғистонни (3,5:0,5), Арманистон — Швецияни (2,5:1,5), Венгрия — Словенияни (2,5:1,5).
Турнинг асосий сенсацияларидан бири Норвегиянинг Сингапурдан мағлубиятга учраши бўлди — 1,5:2,5. Сингапур турнир бошланишидан олдин 50-рақам остида, Норвегия эса 21-рақам остида сараланган эди. Яна бир кутилмаган ғалабани Қирғизистон қўлга киритди: 79-рақам остида сараланган жамоа 31-рақамли Бразилияни мағлуб этди — 2,5:1,5.
Ўзбекистоннинг биринчи аёллар терма жамоаси ҳам ғалабали сериясини давом эттириб, Индонезияни мағлуб этди — 3:1.
Афруза Ҳамдамова Диаенг Тереза Синггих билан, Гулруҳбегим Тоҳиржонова эса Лиса Латифа билан дуранг ўйнади. Умида Омонова Шафира Деви Херфеса устидан, Нилуфархон Имомқўзиева эса Челси Моника Игнесиас Сихите устидан ғалаба қозонди.
Ўзбекистонлик қизлар барча учта учрашувда ғалаба қозониб, максимал олти жамоавий очко жамғаришди. Доскаларда жамоа ҳисобида 11 очко бор. Учинчи турдан кейинги расмий жадвалда АҚШ, Руминия, Ҳиндистон, Польша, Вьетнам, Исроил, Арманистон, Қозоғистон ва Хитой каби яна бир қатор терма жамоалар ҳам шунча жамоавий очкога эга.
Ўзбекистоннинг иккинчи аёллар терма жамоаси Испанияга имкониятни бой берди — 1:3. Нилуфар Якуббоева ва Асал Салимова дуранг ўйнашди, Маржона Маликова ва Мадинабону Халилова мағлубиятга учрашди.
Учинчи аёллар жамоаси эса, аксинча, Саудия Арабистонини тор-мор келтирди — 4:0. Зилола Актамова, Мафтуна Бобомуродова, Шоҳина Аҳмедова ва Озода Шаҳзодова ўз партияларида ғалаба қозонишди.
Уч турдан сўнг Ўзбекистоннинг иккинчи ва учинчи аёллар терма жамоаларида тўрттадан жамоавий очко бор.
Олимпиаданинг амалдаги чемпионлари бўлмиш Ҳиндистон аёллар жамоаси Грецияни мағлуб этди — 3,5:0,5. Қозоғистон худди шундай ҳисобда Словенияни мағлуб этди, Хитой Туркия устидан ғалаба қозонди — 3:1, АҚШ — Кубани (3,5:0,5), Польша — Латвияни (4:0), Арманистон — Хорватияни (4:0), Грузия эса БААни (4:0) мағлуб этди.
Фаворитлар қаторидаги бир йўла икки жамоа мағлубиятга учради. Украина Аргентинага имкониятни бой берди — 0,5:3,5, Франция эса Эронга ютқазди — 1:3. Бу икки натижа аёллар Олимпиадаси учинчи турининг асосий сенсациялари қаторидан жой олди.
19 сентябрь куни бўлиб ўтадиган тўртинчи турда Ўзбекистоннинг биринчи эркаклар терма жамоаси Туркия билан ўйнайди. Иккала жамоа ҳам уч турдан сўнг 6 тадан жамоавий очко жамғарган. Ўзбекистон тур олдидан 4-ўринни, Туркия эса 16-ўринни эгаллаб турибди.
Ўзбекистон-2 Янги Зеландия билан тўқнаш келади. Иккала жамоада ҳам 4 тадан очко бор: Ўзбекистоннинг иккинчи жамоаси 31-ўринда, унинг рақиби эса 91-ўринда бормоқда. Шунингдек 4 очкога эга бўлган Ўзбекистон-3 Яман билан ўйнайди.
Аёллар турнирида дастлабки учта учрашувнинг барчасида ғалаба қозониб, 6 очко жамғарган Ўзбекистоннинг биринчи терма жамоаси Аргентина билан куч синашади. Тўртинчи тур олдидан ўзбекистонлик қизлар учинчи, аргентиналиклар эса тўққизинчи ўринда бормоқда.
Ўзбекистон-2 Қирғизистон билан ўйнайди — иккала жамоада ҳам 4 тадан очко бор. Ўзбекистоннинг учинчи аёллар терма жамоаси Куба билан тўқнаш келади. Уч турдан сўнг ушбу жамоаларда ҳам 4 тадан жамоавий очко мавжуд.
Турнир швейцарча тизимда 11 турдан иборат ҳолда ўтказилмоқда. Жамоавий учрашувдаги ғалаба учун икки очко, дуранг учун эса бир очко берилади.

