Шахмат феномени: Интеллектуал миллат бренди
Ўзбекистон ҳақида дунёда гап кетганда, кейинги йилларда футбол, бокс, дзюдо ёки кураш билан бир қаторда

**Шахмат феномени: Интеллектуал миллат бренди**
Сўнгги йилларда Ўзбекистон жаҳон миқёсида футбол, бокс, дзюдо ва кураш билан бир қаторда шахмат соҳасидаги ютуқлари билан ҳам танилмоқда. Айниқса, 2017-йилдан кейин шахматдаги муваффақиятларимиз шунчалик тезлашдики, қисқа 5-6 йил ичида Ўзбекистон интеллектуал дунёда номаълум давлатдан етакчи ўринга кўтарилди.
Бу ўзгаришларнинг кўлами рақамлар билан ҳам тасдиқланади. 2026-йил июл ойидаги ФИДЕ рейтингларида Ўзбекистоннинг икки шахматчиси – Жавоҳир Синдоров 2777 рейтинг билан дунёда 4-ўринни, Нодирбек Абдусатторов эса 2766 рейтинг билан 6-ўринни эгаллаб, кучли ўнталикка кирди. Нодирбек Ёқуббоев ҳам 2685 рейтинг билан дунёнинг энг кучли 40 шахматчиси қаторидан жой олди. Бу шунчаки бир юлдузнинг эмас, балки бутун бир авлоднинг муваффақиятидир.
Ўзбекистон шахматида бутун бир тизим, авлод ва мактаб шаклланмоқда, бу спорт турига давлат даражасида эътибор қаратилмоқда. Яқинда нишонланадиган Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида шахмат тахтасидаги натижаларга назар ташлаш ўринли.
Ўзбек шахматининг бугунги феномени тасодифан пайдо бўлмаган. Унинг марказида болалигиданоқ дунёга танилган шахматчилар турибди.
Нодирбек Абдусатторов 13 ёш 1 ой 11 кунлигида гроссмейстер унвонини қўлга киритиб, ўз вақтида шахмат тарихидаги энг ёш гроссмейстерлардан бирига айланган. 17 ёшли Абдусатторов 2022-йилги Ченнай Олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоасининг биринчи тахтасида ўйнаб, 11 партияда 7 та ғалаба, 3 та дуранг ва фақат 1 та мағлубият қайд этган эди. Унинг карерасидаги яна бир улкан босқич – 2021-йилда рапид бўйича жаҳон чемпиони бўлганидир. Ўша пайтда у Магнус Карлсен каби жаҳон шахматининг энг катта номларидан бирини ортда қолдириб, шахмат оламига жиддий даъвосини билдирган эди.
Жавоҳир Синдоровнинг траекторияси эса янада ғайриоддий. У 10 ёш 9 ойлигидаёқ халқаро мастер унвонини олди, 12 ёш 10 ой 8 кунлигида гроссмейстер бўлди ва ўша вақтда тарихдаги "иккинчи энг ёш гроссмейстер" сифатида қайд этилди. Бу рақамларнинг ўзиёқ Синдоров феноменининг кўламини кўрсатади. Аммо энг муҳими – ёш рекордлари эмас, болаликдаги умидни катталар шахматидаги натижага айлантиришдир. Кўплаб шахматчилар ёшликда феномен бўлиб кўринади, лекин юқори даражадаги профессионал шахматнинг босими, тайёргарлиги ва психологик юкини кўтара олмайди. Синдоров эса аксинча, йил сайин ўсди.
Бунинг энг яхши исботи – 2025-йилги Жаҳон Кубоги. 206 шахматчи иштирок этган мусобақада Синдоров ғолиб бўлди. У финалда хитойлик Вей Ини тай-брейкда енгиб, чемпионликни қўлга киритди ва Жаҳон Кубоги тарихидаги энг ёш ғолибга айланди. Демак, Ўзбекистон шахматидаги иқтидорлар шунчаки «болалар турнири ғолиблари» эмас. Улар жаҳон шахматининг энг юқори босқичига чиқиб, у ерда катта натижа кўрсатаётган профессионаллардир.
Ўзбекистон шахматининг энг катта ютуғи – икки нафар суперюлдузнинг пайдо бўлиши эмас. Энг муҳим жиҳат – уларнинг атрофида бутун бир кучли авлод шаклланганидир. Бунинг энг ёрқин исботи 2022-йилги Ченнай шахмат Олимпиадаси бўлди. Ўзбекистон терма жамоаси Нидерландияни сўнгги турда 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритди. Жамоа 11 тур давомида бирор марта ҳам мағлубиятга учрамади. Ўша жамоанинг ўртача ёши жаҳон шахматидаги асосий фаворитларга нисбатан жуда кичик эди. Абдусатторов, Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Жаҳонгир Воҳидов ва Шамсиддин Воҳидов каби шахматчилар бир жамоа таркибида катта саҳнага чиқишди. Бу ғалаба Ўзбекистон шахматидаги «олтин авлод» тушунчасини шакллантирди.
Жавоҳир Синдоровнинг сўнгги икки йиллик фаолияти Ўзбекистон шахматидаги ўсиш суръатини тушуниш учун алоҳида ўрганишга арзийди. 2025-йилда у Жаҳон Кубогида ғолиб бўлди. Бу натижа унга 2026-йилги Номзодлар мусобақасида иштирок этиш ҳуқуқини берди. Номзодлар мусобақаси эса оддий турнир эмас, жаҳон чемпионига қарши ўйнаш ҳуқуқини берадиган энг муҳим мусобақадир. 2026-йил 28-март - 16-апрел кунлари Кипрда ўтказилган Номзодлар мусобақасида Синдоров 8 нафар элита шахматчи орасида биринчи ўринни эгаллади ва жаҳон чемпиони унвони учун даъвогарга айланди.
Шу тариқа унинг йўли бир неча босқичдан иборат занжирга айланди: болаликдаги рекорд, гроссмейстерлик, Олимпиада чемпионлиги, Жаҳон Кубоги ғолиблиги, Номзодлар мусобақасидаги ғалаба ва ниҳоят жаҳон чемпионлиги учун бўладиган ўйин. Бу занжир тасодифий серия эмас, балки элита шахматчиси шаклланганининг белгисидир. Синдоров энди жаҳон чемпионлиги учун Гукеш Доммаражжуга қарши ўйнайди. 2026-йилги жаҳон чемпионлиги ўйини Женевада 25-ноябр – 15-декабр кунлари ўтказилиши режалаштирилган. 14 партиялик классик матчда 7,5 очко тўплаган шахматчи ғолиб бўлади. Бу тарихий қарама-қаршиликнинг яна бир ўзига хос томони бор: икки шахматчи ҳам 20 ёшда бўлади. Демак, шахмат тарихидаги энг ёш жаҳон чемпионлиги матчларидан бири кузатилади.
Агар 2022-йилни «олтин авлоднинг жамоавий тасдиғи» десак, 2026-йилни «глобал элитага даъвонинг расмийлашган йили» деб аташ мумкин. Бир йилнинг ўзида Ўзбекистон шахматида бир нечта улкан воқеа бир нуқтада туташмоқда. Бир томонда Синдоровнинг Номзодлар мусобақасидаги ғалабаси, иккинчи томонда Абдусатторовнинг жаҳоннинг кучли олтилигида туриши, учинчи томонда Нодирбек Ёқуббоевнинг ҳамон 2600+ супер-гроссмейстерлар қаторида экани ва тўртинчи томонда Самарқандда шахмат Олимпиадасининг ўтказилиши.
2026-йил 15-27-сентябр кунлари Самарқандда 46-Шахмат Олимпиадаси бўлиб ўтади. ФИДЕ маълумотига кўра, Будапештдаги Олимпиадада 193 та очиқ ва 181 та аёллар терма жамоаси қатнашган бўлса, Самарқандда бу рекорддан ҳам юқори кўрсаткич кутилиши айтилмоқда. Демак, Ўзбекистон нафақат шахматда юқори натижа кўрсатаётган давлат, балки энди жаҳон шахматининг энг йирик тадбирларидан бирини қабул қилаётган мамлакатга ҳам айланмоқда. Бу – спорт дипломатияси нуқтаи назаридан ҳам катта имконият. Дунёдаги энг кучли шахматчилар Самарқандга келади. Миллионлаб шахмат мухлислари эътибори Ўзбекистонга қаратилади. Ўзбекистоннинг тарихий шаҳри нафақат сайёҳлик, балки интеллектуал спорт маркази сифатида ҳам намоён бўлади.
Шахмат Олимпиадасини Самарқандда ўтказишнинг ўзи катта воқеа. Аммо уни қаерда ўтказиш ҳам тадбирнинг халқаро имижи учун муҳим аҳамиятга эга. 46-Шахмат Олимпиадаси Силк Роад Самарканд туристик мажмуасидаги замонавий ЭХПО Сентерда бўлиб ўтади. ФИДЕ расмий ҳужжатларида ушбу майдон катта халқаро тадбирларни қабул қилиш учун мўлжалланган, замонавий техник жиҳозлар, кенг заллар ва иштирокчилар ҳамда меҳмонлар учун зарур инфратузилмага эга марказ сифатида кўрсатилган.
Бу танловнинг рамзий маъноси ҳам бор. Шахмат — асрлар давомида Шарқ ва Ғарбни боғлаб келган интеллектуал маданиятнинг бир қисми. Самарқанд эса қадимдан Шарқ ва Ғарб сивилизацияларини туташтирган Буюк ипак йўлининг энг муҳим марказларидан бири бўлган. Энди ана шу тарихий шаҳарда дунёнинг 200 га яқин мамлакати вакиллари шахмат тахтаси атрофида жамланади. Бошқача айтганда, Буюк Ипак йўли руҳидаги Самарқанд замонавий интеллектуал мулоқот майдонига айланади.
Шу ерда энг муҳим савол пайдо бўлади: “Ўзбекистон шахмати бу авлоддан кейин ҳам шундай даражада қоладими?” Чунки спорт тарихида бир авлоднинг муваффақиятини кўриш бошқа, уни тизимли мактабга айлантириш бошқа. Ишонч билан айта оламизки, насиб қилса Ўзбекистон шахмат оламида узоқ йиллар етакчи бўлиб қолади. Ўзбекистонда яна ёш шахматчилар етишиб чиқмоқда, уларга давлат даражасида эътибор қаратилмоқда. Оммавий шахмат базасини янада кенгайтириш, мураббийлар мактабини кучайтириш учун кўп ишлар амалга ошириляпти. Синдоров ва Абдусатторов феноменлари бир нарсани исботлади: Ўзбекистон – иқтидорлар мамлакати. Бу иқтидор етарлича қўллаб-қувватланганда нималар рўй беришини эса, шахмат тахталарида кўриб турибмиз.

