Шавкат Мирзиёев Туркманистон президентини туғилган куни билан табриклади

Шавкат Мирзиёев Туркманистон президентини туғилган куни билан табриклади
Шавкат Мирзиёев 22-сентябр куни Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан телефон орқали суҳбатлашди.
Шавкат Мирзиёев туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга ўз саломини йўллади. Сердар Бердимуҳамедов эса ўз навбатида давлат раҳбарига туркман халқининг миллий етакчиси номидан энг эзгу тилакларни етказди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон–Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик алоқаларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари ҳам кўриб чиқилди. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Товар айирбошлаш ҳажми барқарор ошиб бораётгани, энергетика, транспорт ва бошқа муҳим йўналишларда кооперация лойиҳалари амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди. “Шовот–Тошҳовуз” қўшма савдо зонасининг самарали ишлашини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, минтақавий кун тартибидаги айрим масалалар, жумладан, Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви ҳамда Туркманистонда бўлиб ўтадиган МДҲ саммитига тайёргарлик юзасидан фикр алмашилди. Мулоқот якунида Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти ва халқини яқин кунларда нишонланадиган миллий байрам — Мустақиллик куни билан табриклади.
Сердар Бердимуҳамедов Туркманистонга 2022-йилдан буён президентлик қилиб келмоқда. У 22-сентябр куни 45 ёшни қарши олди.

