Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони билан устувор лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди

Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони билан устувор лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
28-июл куни Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони соғлиқни сақлаш вазири Фаҳад бин Абдулраҳмон ал-Жалажил бощилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув аввалида Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ҳамда Валиаҳд, бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг саломи ва эзгу тилаклари давлат раҳбарига етказилди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда жадал ривожланаётгани қайд этилди. Хусусан, АСВА Повер компанияси билан энергетика соҳасида йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди.
Ташриф доирасида Саудия Арабистонининг етакчи компаниялари раҳбарларидан иборат делегация билан музокаралар ўтказилиб, қатор келишувларга эришилди.
Томонлар тиббиёт соҳасини рақамлаштириш ва модернизация қилиш, фармацевтика тармоғини ривожлантириш, тиббиёт кадрлари тайёрлаш ҳамда кўп тармоқли шифохона барпо этиш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув якунида янги қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга келишиб олинди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29-март куни Саудия Арабистони валиаҳди Муҳаммад бин Салмон ал Сауд билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтганди. Суҳбатда икки давлат раҳбари Яқин Шарқ минтақасида кечаётган кескин вазият, қарама-қаршиликлар тобора авж олаётгани томонларни жиддий хавотирга солаётгани қайд этган.

