Шавкат Мирзиёев иштирокида юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган бир гуруҳ ватандошларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди

Шавкат Мирзиёев иштирокида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ ватандошларга юксак давлат мукофотлари топширилди.
Тадбирда давлат раҳбари йиғилганларни Мустақиллик байрами билан табриклаб, мамлакат тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи меҳнаткаш ва олийжаноб халқ эканлигини таъкидлади.
Президентнинг сўзларига кўра, сўнгги ўн йил ичида Ўзбекистонга 160 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция жалб қилинган, иқтисодиёт ҳажми 2,5 баробардан зиёд ошган, саноат, сервис ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 5 миллион 700 мингта доимий иш ўрни яратилган.
Шунингдек, 1,5 миллион ўринли мактаблар, 342 минг ўринли мактабгача таълим ташкилотлари ва 62 минг ўринли шифохоналар қурилгани, 83 минг километр ички йўллар бунёд этилиб, таъмирлангани, 8 миллион аҳоли яшайдиган хонадонларга илк бор марказлашган ичимлик суви етказилгани қайд этилди.
Ушбу ўзгаришларга муносиб ҳисса қўшган 558 нафар фуқаро Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан юксак давлат мукофотлари билан тақдирланди. Улар орасида фермер ва деҳқонлар, ўқитувчи ва шифокорлар, олимлар, саноатчилар, тадбиркорлар, қурувчи ва архитекторлар, маданият ва спорт соҳаси вакиллари, ҳарбийлар ҳамда ҳуқуқ-тартибот ходимлари бор.
Мукофотланганлар қаторида Хоразмда бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшган Рустам Султонов, Сурхондарёда чўлларни ўзлаштириш ва деҳқончиликни ривожлантиришга умрини бағишлаган Абдусаттор Қурбонов, Бекобод металлургия комбинатида узоқ йиллардан буён фаолият юритаётган пўлат эритувчи Ғуломжон Туронов, наманганлик пахтакор ва ғаллакор Илҳом Зиёвуддинов, бухоролик пиллачи Жамила Худойбердиева, қорақалпоғистонлик чорвадор Эсенбай Айтимуратов ҳамда самарқандлик ирригатор Асланқул Каримқулов ҳам бор.
Маросим якунида президент давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.

