Шавкат Мирзиёев ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларини табриклади
Давлат раҳбари халқ осойишталигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги фидокорона хизматлари учун

Шавкат Мирзиёев ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларини табриклади
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ташкил этилганининг 35 йиллиги муносабати билан ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади.
Давлат раҳбари халқ осойишталигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги фидокорона хизматлари учун соҳа вакилларига миннатдорлик билдирди.
«Оддий инсонларнинг сизга ишонч билан мурожаат қилиши ва бундан кўнгли таскин топиши – сизнинг хизматингизга берилган энг юксак баҳодир», - дейилади табрикда.
Президент жорий йилда мамлакат маҳаллаларининг қарийб ярмида жиноят содир этилмаганини таъкидлади. Бу ички ишлар ходимлари, маҳалла фаоллари ва аҳолининг ҳамкорликдаги меҳнати натижаси экани қайд этилди.
Шунингдек, жамоат хавфсизлигини таъминлашда сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан фойдаланиш, кибержиноятчилик, гиёҳвандлик ҳамда уюшган жиноятчиликка қарши курашиш вазифаларига эътибор қаратилди.
Давлат раҳбари ички ишлар ходимларини қонунга қатъий риоя қилиш, фуқароларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ва халқ ишончини мустаҳкамлашга чақирди.
Табрикда соҳа фахрийларининг хизматлари ҳам алоҳида эътироф этилди.

