Шавкат Мирзиёев Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзени таваллуд куни билан табриклади

Шавкат Мирзиёев Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзени таваллуд куни билан табриклади
Шавкат Мирзиёев Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе билан телефон орқали суҳбатлашди.
Давлат раҳбари Ираклий Кобахидзени таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлиқ, Грузия халқига фаровонлик ва бардавом равнақ тилади.
Ўзбекистон президентининг жорий йил 2-3-июл кунлари Грузияга амалга оширган давлат ташрифи якунида эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш доирасида икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик алоқаларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, шунингдек, Грузиянинг Поти ва Анаклия портлари инфратузилмасидан самарали фойдаланиш орқали транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон етакчисининг июл ойида Грузияга қилган ташрифи чоғида Шавкат Мирзиёев ва Ираклий Кобахидзе ўртасидаги музокараларда Ўзбекистоннинг Грузиядаги элчихонасини таъсис этиш ҳақида ҳам қарор қабул қилинганди.
Кейинчалик Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларация имзоланди. Шунингдек, Орбелиани саройида Ўзбекистон етакчисига Грузиянинг олий давлат мукофоти — “Олтин мўйна” ордени тантанали равишда топширилди.
Бундан ташқари, давлат раҳбари Тбилиси шаҳрида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалининг очилиш маросимида ҳам қатнашди.

