Сиёсат

Шавкат Мирзиёев Доналд Трамп билан телефон орқали мулоқот қилди

Шавкат Мирзиёев ва Доналд Трамп телефон орқали мулоқот қилдилар.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 7-август куни Америка Қўшма Штатлари Президенти Доналд Трамп билан телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.

Суҳбат аввалида Шавкат Мирзиёев Доналд Трампни АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги билан яна бир бор табриклади.

Доналд Трамп эса Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар мисли кўрилмаган даражага етганини, икки давлат раҳбарлари ўртасида ишончга асосланган яқин мулоқот шаклланганини таъкидлади.

Томонлар олий даражада эришилган келишувлар изчил амалга оширилаётганини мамнуният билан қайд этиб, стратегик шерикликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик деярли барча йўналишларни қамраб олган. Хусусан, уч йиллик иқтисодий ҳамкорлик дастури амалга оширилмоқда, Америка—Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилган, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудлари билан АҚШ штатлари ўртасидаги ҳамкорлик кенгайиб бормоқда.

АҚШ фуқаролари учун Ўзбекистонда визасиз тартиб жорий этилгани ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштиришга хизмат қилаётгани ҳам қайд этилди.

Бугунги кунда фуқаро авиацияси, автомобилсозлик, тоғ-кон саноати, инфратузилма, энергетика, металлургия, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва бошқа йўналишларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Телефон мулоқоти чоғида халқаро кун тартибидаги масалалар ҳам муҳокама қилинди. Етакчилар глобал хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳамда халқаро ва минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал этишга қаратилган саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар.

Шунингдек, бўлажак икки томонлама ва кўп томонлама учрашувлар режаси кўриб чиқилди. Суҳбат якунида Шавкат Мирзиёев Доналд Трампни ўзи учун қулай вақтда расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф қилди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.