Шавкат Мирзиёев Дания ташқи ишлар вазирини қабул қилди
Таълим, маданият ва туризм соҳаларида алоқаларни ривожлантириш учун салмоқли салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Халқаро ва

Шавкат Мирзиёев Дания ташқи ишлар вазирини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2-октябр куни мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Дания Қироллиги ташқи ишлар вазири Ларс Лёкке Расмуссенни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон – Дания муносабатларини сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар йўналишларда янада кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Икки томонлама ҳамкорликнинг сезиларли даражада фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Ўтган йили Данияга Ўзбекистоннинг қароргоҳи Стокголм шаҳрида жойлашган илк элчиси тайинланган эди. Жорий йилда эса Дания Марказий Осиё бўйича махсус вакилини тайинлади.
Сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб беш баробар ошгани таъкидланди. Даниянинг етакчи компаниялари иштирокида Ўзбекистонда тоғ-кон, кимё ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, сув таъминоти ҳамда бошқа соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ўзаро савдо ҳажмини янада кўпайтириш, Дания инвестициялари, илғор технологиялари ва ноу-хауларини энергетика, фармацевтика, транспорт ва логистика, агросаноат мажмуи ҳамда бошқа истиқболли йўналишларга жалб этиш зарурлиги қайд этилди.
Таълим, маданият ва туризм соҳаларида алоқаларни ривожлантириш учун салмоқли салоҳият мавжудлиги ҳам алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида ҳамкорликни тизимли равишда кенгайтириш учун институционал ва шартномавий-ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришилди.

