Шавкат Мирзиёев Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан учрашди
Ўзбекистон – Арманистон кўп қиррали муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Шавкат Мирзиёев Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан учрашди
8-октабр куни Туркманистоннинг Аваза шаҳрида ўтаётган тадбирлар доирасида президент Шавкат Мирзиёев Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон – Арманистон кўп қиррали муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб жиҳатлари кўриб чиқилди.
Турли даражаларда фаол алоқалар йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилди. Яқинда икки мамлакат ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар бўлиб ўтгани таъкидланди.
Ўзаро савдо ҳажми ортиб бораётгани, мамлакатимизда Арманистон сармояси иштирокидаги 80 та корхона муваффақиятли фаолият юритаётгани айтилди. Пойтахтлар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилган.
Қишлоқ хўжалиги, заргарлик, енгил саноат, фармацевтика, кимё ва туризм йўналишларида кооперация лойиҳаларини илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
Шу муносабат билан Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ҳамда қўшма ишбилармонлик тадбирларини самарали ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.
Томонлар халқаро аҳамиятга молик масалалар ва кўп томонлама ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни ҳам муҳокама қилдилар.

