Маҳаллий

“Шартномани бажармасанг, 15 йилга қамаласан, дейишганди”. Россия ҳарбий полигонидан қочган андижонлик йигитга суд ҳукми ўқилди

“Шартномани бажармасанг, 15 йилга қамаласан, дейишганди”. Россия ҳарбий полигонидан қочган андижонлик йигитга суд ҳукми ўқилди.

Россияда 9 йилга қамалиб, Украинадаги урушга жалб қилинган ва ҳарбий полигондан қочган 22 ёшли андижонлик йигитга суд ҳукми ўқилди. “Дарё” суд ҳужжатлари билан танишди.

Аниқланишича, Олтинкўл туманида яшовчи Н.У. 2021-йилда мактабни тамомлаб, олий таълим муассасасига ҳужжат топширган. Бироқ ўқишга киролмагач, сентябр ойида ишлаш мақсадида Россиянинг Москва шаҳрига борган. Дастлаб автосервисда, кейинчалик қурилишда ишлаган.

2022-йил август ойида у таниши билан автомашинада кетаётганида Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан тўхтатилган. Машина кўздан кечирилганда гиёҳванд модда топилган. Шундан сўнг Н.У. ва унинг шериги жиноий жавобгарликка тортилган.

2023-йил сентябр ойида жиноят ишлари бўйича Брянский вилоят суди ҳукми билан 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Н.У. жазо муддатини ўтаётган вақтида ички тартибни бузганлик учун 13 кунлик изоляторга жойлаштирилган.

“Изоляторда ўтирган пайтим қамоқхона ходимлари кириб, ҳужжатларга имзо қўйдириб чиқиб кетишди. Орадан бир ҳафта ўтгач, Россия мудофаа вазирлиги ҳарбийлари келиб, мени Украинадаги урушга олиб кетишини маълум қилди. Уларга урушга боришга рози эмаслигимни айтдим. Шунда ҳарбийлар менга шартномани ўз хоҳишим билан имзолаганимни билдириб, қўл қўйилган ҳужжатларни кўрсатди.

Агарда шартномани бажармасанг, 15 йилга қамаласан, деди. Ўшандагина изоляторда муддатимни узайтириш учун қўйган имзом аслида ҳарбий хизмат шартномаси эканини билдим” , дейди Н.У. суддаги кўрсатувида.

Шундан сўнг у бошқа маҳкумлар билан бирга қамоқхонадан тўғри Луганск вилоятидаги ҳарбий полигонга олиб борилган. У ерда 13 кун давомида қурол ишлатиш, жанговар ҳаракатлар ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича тайёргарликдан ўтган.

Ҳарбий тайёргарлик вақтида Н.У. озарбайжонлик Маҳаррам ва рус миллатига мансуб Дания исмли йигитлар билан қочиш режасини тузган. Шундан сўнг улар 2025-йил 9-сентябр куни кечки йўқламадан ўтиб, рўйхатдан ўтгач, ҳарбий полигондан яширинча қочишга муваффақ бўлган.

Дастлаб улар Луганск вилоятидаги чекка қишлоқлардан бирида яшовчи Константин исмли кекса россияликнинг уйидан бошпана топган ва қарийб уч ой давомида шу ерда яшириниб, Россиядан қандай қилиб чиқиб кетиш йўлини излаган. Ноябр ойида йигитлар ноқонуний равишда чегарадаги сим тўсиқдан ўтиб, Россиянинг Белгород шаҳрига етиб борган. У ерда икки ҳафтача яшаганидан сўнг Н.U.ning ҳамроҳлари ўз манзилларига қараб кетиб қолган.

“Ўзим ёлғиз қолгач, укам билан алоқага чиқиб 2500 доллар бериб туришини сўрадим. Пулларни олгач, танишларим орқали Москвага етиб бориш учун машина изладим. Қашқадарёлик Бахтиёр исмли ҳайдовчи билан 150 минг рублга келишиб, манзилга етиб олдим. У ерда январгача кунлик ижара марказларида яшадим”, дейди судланувчи.

2026-йилнинг 15-январ куни Н.У. Домодедово—Тошкент рейсига онлайн чипта сотиб олиб, Ўзбекистонга қайтган. Уйига етиб келганидан кўп ўтмасдан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Балиқчи тумани суди Н.U.ni Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (ёлланиш) билан айбли деб топган. Унга нисбатан ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Аввалроқ Украинадаги урушдан қочиб, Қозоғистон орқали канални сузиб ўтиб Ўзбекистонга қайтган шаҳрисабзлик 25 ёшли йигит 4 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинганди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.