“Шаҳар яшиллиги ёмон аҳволда”. Тошкентда дарахтлар нега синиб йиқиляпти?
Дендролог Атиргул Холмирзаеванинг айтишича, пойтахтда кўплаб кекса дарахтлар касалланиб кетгани сабабли қулашни бошлаган. Мутахассис шаҳардаги яшиллик сақлаб қолишга муҳтож эканини айтди. Бу борада айнан қандай чоралар керак? Газета мавзуни муҳокама қилди.

“Шаҳар яшиллиги ёмон аҳволда”. Тошкентда дарахтлар нега синиб йиқиляпти?
2-сентабр куни Тошкентда Форумлар саройи яқинида катта дарахт иккита автомобил устига қулаб тушди. Бундан 2 йил олдин Чилонзор туманида ҳам шундай воқеа содир бўлиб, оқибатда 1 ёшли қиз вафот этганди.
Ўшанда сув қувурларини таъмирлаш мақсадида қазиш ишлари олиб борилгани учун дарахт илдизи очилиб қолгани ва ўз вазнини кўтара олмай, йиқилгани аниқланиб, жиноят иши ҳам очилганди.
Хўш, пойтахтда дарахтлар тез-тез қулаяптими? Бунинг сабаби нимада? Тошкент шаҳрининг яшиллигини яхшилаш учун қандай чоралар кўрилиши керак? Газета мавзуни дендролог Атиргул Холмирзаева билан муҳокама қилди.
— Атиргул опа, аввало суҳбатга рози бўлганингиз учун раҳмат. Эсингизда бўлса, Чилонзорда дарахт қулаши оқибатида бир қизалоқ вафот этганда. Ўша вақтда сиз ҳам расмийлар қаторида интервю бериб, дарахт илдиз қисмидан чириб кетгани сабаб қуриган шоҳларини кўтаролмай ағанаганини айтган эдингиз. Бу сафар Форумлар саройида ҳам шундай ҳолат бўлдими? Ва, умуман олганда, дарахтлар нега қулаяпти, сизнингча?
— Охирги пайтда ҳақиқатдан ҳам шаҳримизда дарахтларнинг йиқилиши кўп бўляпти. Бунинг сабабларидан бири — ерости сувининг сатҳи камайгани билан боғлиқ. Чунки дарахтлар ерости сувлари билан булар озиқланиб турган. Шаҳарларда қурилишлар ҳам кўпайган. Ҳамма юқори-юқори қаватли уйлар қуришяпти, унинг остини эса автотураргоҳлар, дўконлар қилишяпти.
Шунинг ҳисобидан ерости суви қаёққа кетади, чуқур ковланган жойга кетади. Ер остидаги сувнинг оқими ўзгарган. Унинг атрофидаги дарахтларнинг сув бормаганидан кейин секин-аста қуриши кузатиляпти. Ўсимлик чанқайди, сув ичишни хоҳлайди. Сув бўлмаганидан кейин баргларининг ҳам ранги ўчади, илдиз қисмидан қурийди. Дарахтлар илдиз қисмидан чириса ёки сувсизланса, тепасидан қуришни бошлайди.
Охирги вақтларда шумтол дарахтининг бунчалик касалланиб кетганини ҳам кўрмагандим. Умуман дарахтларимизда замбуруғли касал пайдо бўлган. Ерости сув оқими ўзгариб, сатҳи камайдими, буёқдан касал бўлиб турибди, биз уларга ишлов бермаяпмиз. Кимёвий препаратлар билан касалликларга қарши ишлов бериш амалиёти йўқ. Буларнинг ҳаммаси қўшилиб, дарахтларимиз қулаб беряпти.
Яқинда Ўзбекистон давлат консерваторияси биноси олдида бир шумтол йиқилиб, 2 та машинани пачоқ қилди. Кўп мутахассислар кўриб, нега синганини айтиб бера олишмади. Кейин мени чақиришди, қарасангиз, дарахт ерга қулаб, танаси бўлак-бўлак бўлиб кетган. Сувсизликдан қуриб кетган. Танасининг ўрта қисми эса хўл, оппоқ қолган.
Илдизи чириб, танасининг пўстлоқ қисми чириб кетган. Бунинг устига дарахт танасининг тепа қисми ковак ҳам бўлиб қолган, бу эса унинг нотўғри кесилганини кўрсатади. У ковакка ҳар йили ёмғир, қор сувлари тушиб, ичини ҳам чиритиб юборган. Биогумусга айланиб, димланиб моғор бўлиб қолган. Оппоқ моғор. Буни ҳамма ҳам тушунавермайди.
Ўтган йили декабрда Шайхонтоҳур туманида катта чинор йиқилди. Ўша ерга ҳам мени чақиришди, борсам, илдизи тагидан сув кетган, ўқилдизининг ҳаммаси қуриб кетган. Ён атрофидаги қалин майда илдизларини қўлингиз билан ушласангиз, қисирлаб синиб кетяпти.
Дарахт бир томонга эгилиб, бир одамнинг машинаси устига тушган, у одам ҳам ҳалок бўлган. Ўшанда ҳам расмийларга инсонларнинг ҳаётига зарар келтирадиган, хавф туғдирадиган дарахтларни олиш керак деганман. Ҳар ҳолда бунинг суғуртасини ҳеч ким тўлаб бермаяпти.
— Тошкент мисолида дарахтларнинг саломатлигини қандай баҳолайсиз?
— Ҳозир яшилликнинг аҳволи ёмон. Авваллари ариқлар бўларди, ҳозир шу ариқлар йўқолиб кетган. Шу ариқлардан сув оққанида дарахтлар озми, кўпми суғорилиб турарди. Бунинг устига шаҳардаги қурилишлар сабаб баргларга чанг ўтириши ошган.
Ботаника боғига қарасангиз ҳам шу аҳвол. Шу сабаб биз ҳар ҳафтада икки марта уларга сув пуркаб, чўмилтириб турамиз. Нимага десангиз, чанг ўтириб, усти қалинлашган сари у тупроққа айланиб, баргни оғирлаштиради. Бу эса фотосинтез жараёни кетишига қўймайди.
Кейин барг сарғаяди, дарахтлар сув ичмаётганидан кейин ўзини асраб қолиш учун баргларини тўкиб юборади. Тошкентдаги айрим дарахтларга қарасангиз ҳам айримларининг барги бор, айримларида эса йўқ.
— Ўзи дарахтларнинг хавфли ҳолатга келиб қолганини қандай аниқлаш мумкин?
— Бир томонга эгилишни бошлашидан билса бўлади. Қайсидир йили Шайхонтоҳур туманида катта терак дарахти битта тўп, икки танали бўлиб турибди-да.
Икки танасининг ўртасига мўйловдори деган пўстлоқхўр ҳашарот жойлашиб олиб, ичини кемириб ташлабди. Ичи бўм-бўш бўлиб, эгилиб қолган. Бундай вазиятда дарахт пўсти ёрилади, пўстлоғини ташлаб, ана ундан кейин хоҳлайсизми ёки йўқ, у қуриб бошлайди.
Энди бунинг сабаблари кўп. Мисол учун, зарарли ҳашаротларнинг сони ошгани. Улар сабаб дарахтлар касалланиб кетяпти. Қарасангиз, тутларимизда ҳам қоп-қора замбуруғли касал ўтирибди. Уларни ўрганиш керак, ишлов беришни йўлга қўйиш керак.
Олдин умуман учрамаган арча қурти ҳам пайдо бўлган. Ҳамма арчаларнинг аҳволи чатоқ. Озуқа ҳам берилмаяпти. Сувсизлик, озуқасизлик, касалликлар кўпайгани бечора дарахтларни янаям қийнаб қўймоқда. Шунча ҳолат кузатилганидан кейин истанг, истаманг, яшиллик қурийди-да.
Бунинг устига аномал иссиқ ҳам дарахтларга оғир келяпти. Аввалги вақтлардек қалин ўрмонлар, микроклимат йўқ. Олдинлари ҳар бир истироҳат боғларимизда сув ҳавзалари қилинарди, уларда одамлар чўмиларди. Ҳозир деярли ҳеч қаерда қолмади, ҳаммаси қисқариб, йўқ қилиниб, кичкина-кичкина жойлар қолдирилди. Ваҳоланки, шаҳарга микроклимат керак.
— Бу борада мониторинг тизими қанчалик самарали ишлаяпти деб ҳисоблайсиз? Экология вазирлиги бутун шаҳардаги дарахтларни хатловдан ўтказиш ҳақида гапирганди.
— Бир вақтлар ўша хатлов бўлган. Мен қаерларда қандай мониторинг қилинганини яхши биламан, у вақтларда истироҳат боғларимиз ҳам катта эди. Биргаликда дарахтларни хатловдан ўтказганмиз. Яшиллик юқори даражада эди. У пайтда экология расмийлари ҳам яхши ишлаган.
Энг яхши истироҳат боғи Ғофур Ғулом номидаги (ҳозирги Дреам парк)си эди. Ҳозир кўрсангиз, аҳволи танг. Ичидаги катта дарахтларнинг ҳаммасини кесиб ташлашган. Қалин ўрмон эди. Кейин Миллий боғ билан шундай қилишди. У ер ҳам жуда катта жой эди. Ҳозир кичкина бўлиб қолган. Биз бошида хатловдан ўтказган дарахтлар йўқ.
— Расмийлар ва умуман одамларнинг яшиллик билан бундай кўринишдаги салбий муносабатининг сабаби нимада деб ўйлайсиз?
— Менимча, бу ерда тизимни бошқача қилиш керак. Коронавирус даврида ҳамма уйга қамалиб қолди. Кейин касалликлар ҳам ўтиб кетгач, одамлар ўзини яшилликка урди. Яъни одамларга кислород, яшиллик керак. Инсонларнинг кўз нури ҳам тушиб кетган, ҳомиладор аёлларга кислород етишмайди, болалар ногирон ҳам туғиляпти. Бунга яшилликнинг камайиши сабаб деб биламан.
— Сўнгги йилларда Ўзбекистонда қурилиш бўладиган ерлардаги дарахтларни бир жойдан иккинчи жойга кўчириш амалиёти қўлланяпти. Ўзи кўп йиллик қимматбаҳо дарахтлар кўчирилишини қанчалик тўғри деб ҳисоблайсиз?
— Ўзбекистон шароитида ёши катта дарахтларни кўчириб экиш унинг қуришига олиб келади. Бу амалиёт бошланган вақт, яъни 2023−2024-йилларда ОАВга берган интервюмда ҳам айтгандим. Ўшанда Тошкентда 100 та дарахт кўчириб экилганди, шунинг 99 таси қуриб, фақат биттаси тирик қолди. Бу усулни нотўғри деб ҳисоблаганман ва ҳозир ҳам шу фикрдаман.
Кўчириб экишни тўғри қила олишмаяпти. Кўчиргандан кейин дарахтларнинг таги юмшатилиши, озуқаси вақтида берилиши керак. Аксига олиб, бизда тўғри парваришланмайди ҳам. Бунинг оқибатида эса дарахтлар стрессга тушиб қоляпти. Улар ҳам инсонларга ўхшаб тирик организм.
Кўчириб ўтказиш амалиётида дарахтларнинг маълум илдизи кесилиб кетади. Илдизини кесиб ташласангиз, дарахт қийналади. Антистресс доир воситалари қуйиб турилиши ҳам лозим. Бундан ташқари, кўчириб ўтказишнинг ўз мавсуми бор. Кузда ўсимликлар уйқуга кетади, вегетация тугайди. Агар шу мавсумда қилинса, кўпи яшаб кетади.
Ёзда, иссиқ кунларда эса қуриб қолиш эҳтимоли баланд. Ҳатто, ёш дарахтларни ёзда кўчириб эксангиз ҳам ўзига келгунча қуриб қолиши мумкин. Кўряпсиз, ҳаво ҳарорати жуда юқорилаб кетяпти. Бундай шароитда дарахт баргларида парланиш ҳам кўпроқ бўлади.
Шундай экан сув ва парвариш бўлмаса, қуриб қолиши ҳеч гап эмас. Дарахт атрофини кенгроқ ковлаб, илдизи тупроғи билан олиниши керак. Ундан кейин эса яхши парвариш зарур, шундагина яшиллик яшаб кетиши мумкин.
— Кўчирилган дарахтнинг неча фоизи яшаб кетиши мумкин?
— Олдинлари 10 фоиз дердим, ҳозир ундан ҳам кам. Ҳатто, ёш дарахтлар қуриб қоляпти. Катта дарахтларни эса гапирмаса ҳам бўлади. Бу — хавфли амалиёт.
— Ўзи қанақа кўчирилиши керак, шуни батафсил тушунтириб бероласизми?
— Европада буни махсус машина орқали қилишади. У ўзи кўчириб, кейин белгиланган жойига олиб бориб, экади. Бизга ҳам шундай техникани олиб келишган. Машина бутун дарахтни илдизи билан кўтариб, ковлаб олади. Гап шундаки, кўтариб олаётганда дарахт илдизидаги тупроқни тўкиб ташлайди.
Илдизи очиқ дарахт жойига етиб боргунча шамоллайди. Шунинг ҳисобидан қуришни бошлайди. Менимча, экишдан олдин илдизни яхшилаб суғориш, ундан кейин атрофидан кенгроқ жойни мўлжаллаб, ковлаб олиш керак. Шу жараёнлардан ўтгач, экса бўлади.
Қолаверса, бир жойдан иккинчи жойга олиб бораётганда илдиз тупроғи билан яхшилаб ўралиши лозим. Уёғи кейин парваришлашга боғлиқ. Вақтида сувини қуйиб, вақтида озуқасини берса, кифоя. Кўчириб ўтказилган дарахтлар 3 йил назорат қилиниши керак. Чунки шу 3 йил ичида қуриб қолиш эҳтимоли бор.
— Ҳозир пойтахтдаги қурилиш жойларида дарахтларнинг атрофини бетонлаш амалиёти ҳам кўзга ташланади-да. Бунга муносабатингиз қандай?
— Бу нотўғри. Дарахтнинг илдизи нафас олади, унинг атрофи бетон, ҳатто, чим бўлса ҳам бунга халал бериши мумкин. Чим бўлган вазиятда сув қуйилса, илдиз ўзидаги захнинг бир қисмини парлатиб чиқара олмай қолади. Чунки чим бўлган ер оддий порсиллаб турган тупроқ ердан фарқ қилади, прессланган бўлади. Ўзидаги захни чиқара олмаганидан кейин бу илдиз чиришига олиб келади.
Бетон эса қизийди. Унга қўшилиб дарахтнинг ҳам илдизи қизийди, бу қуришга олиб келади. Чилонзор туманида ерни бетонлашган вақтда бир қанча дарахтларга селофан пакет кийдиришибди. Кейин нима бўлди? Дарахтлар ўлди. Селофандан қандай нафас олади?! У ҳам қизиб, дарахтни қуритиб қўйган.
Дарахтнинг атрофидан қанча кенгроқ ер қолдирсангиз, шунча яхши. Албатта, аммофос, калий сепиб туриш керак. Ёмғир, қор ёғганда, суви билан бирга озуқа сифатида илдизига етиб боради. Ҳозир сепиш тугул атрофидан жой ҳам қолдиришмаяпти. Ҳамма жой бетон.
— Ҳозирда шаҳарларни кўкаламзорлаштириш, яшиллаштириш сиёсати олиб бориляпти. Лекин шунда бир нарсага алоҳида эътибор қаратиш керакдек кўринади. Яъни барибир ҳамма ҳудуднинг ўзига хос иқлими бор. Ҳар бир ҳудуд учун қандай дарахтлар танланиши керак, сизнингча?
— Биринчидан, ҳақиқатан ҳам кўкаламзорлаштиришимиз керак. Тошкентда очиқ жойлар жуда кўп. Иккинчидан, очиқ жой бўлганидан кейин қуёшга чидамли дарахтлар экилиши лозим. Бизда аномал иссиқлар бошланган. Сувсизликка чидамли ўсимликлар бўлиши лозим. Улар ўсгач, соя беришни бошлайди. Микроклимат пайдо бўлади.
Ҳозир йўлларга каштанлар экиб ташлашган. У қуёшда куяди. Қип-қизил бўлиб куйиб, кейин баргини ташлаб юборади. Одатда каштанлар салқинроқ, соя томонда уйлар орасига экилади. Жуда чиройли гуллайди, ўзи чиройли дарахт.
Менимча, Тошкентнинг очиқ жойларига эман, чинор, шумтол, заранг, каталпа экса бўлади. Қуёшга чидайди. Буларнинг ҳаммаси — қуёшсевар, сувсизликка чидайдиган ўсимликлар. Биринчи иссиққа чидаб берадиган дарахтларни экиб, кейин орасидан бошқа гўзал ўсимликларни жойлаштирса бўлади. Шунда куйиб, қуримасди. Ўсиб кетаверади.
Йўл ёқасига арча, буталарни кўп экиб ташлашяпти. Лекин бу ҳам нотўғри деб ҳисоблайман. Нимага десангиз, қиммат дарахтларни экишяпти-да. Бу дарахтларнинг ҳаммаси четдан келтирилади. Бизнинг иқлим шароитига мослашиши қийин.
Бунинг оқибатида манзаралилик хусусияти ёмонлашиб кетади, бора-бора қурийди. Уларни йўл ёқасига эмас, соя-салқин пана жойларга эккан маъқул. Шунда яшаб кетади, одамлар ҳам чиройидан баҳраманд бўлади. Умуман олганда ҳудудларга қараб, танланма экилгани тўғри.
Биринчи навбатда, соя берадиган катта дарахтларни экиш керак. Унинг ёнидан катта бўлмаган буталарни экса бўлади. Юқорида йўл ёқасига буталарни экишаётганини айтдим. Шулар иссиқда куйиб кетяпти. Қишда эса совуқ уради. Бунинг устига қор ёғганда йўлга туз сепишади, кейин ўша туз сувга аралашиб, дарахтларга қараб оқяпти. Ўсимликлар шўр сувдан озиқланиши ҳисобидан ҳам қуриб боряпти.
Вилоятларга келсак, водий томонда ҳамма дарахтлар ўсиб кетаверади. Асосан Қорақалпоғистон, Бухоро, Хоразм, Навоий, Бухорода қийинроқ бўлиши мумкин Чунки у ер — иссиқлиги билан бирга, шўр ва қумли ҳудуд. У ерга қум, совуқ, иссиққа чидайдиган ўсимликлар экилиши керак. Жойига қараб экилса, уларни кўпайтириш осон.
— Шаҳарларда яшилликни соғломлаштириш ва кўпайтириш учун нима қилиш керак деб ўйлайсиз?
— Биринчи мавжуд дарахтларни парваришлашни бошлашимиз керак. Озуқасини вақтида бериб, тагини юмшатиб, шаклини бериб турмасак бўлмайди. Ҳаммаси ўсиб, узун бўлиб кетган. Тепа шохлар қуриб кетган. Қуриганларни қисқартириш керак.
Қисқартирилгач, дарахт ҳам қалинлашади. Қалинлашгандан кейин сояси ҳам кўпроқ бўлади. Тик ўсган дарахтлар оғирлигини кўтара олмасдан синиб кетяпти. Тагидан сув кетган бўлса, йиқилиб кетяпти. Шуларнинг ҳаммасига меҳр берилса, яхши бўлади.
— Атиргул опа, интервюга рози бўлганингиз учун яна бир бор раҳмат. Умид қиламизки, суҳбатимиз кўпчиликка фойдали бўлади.
— Сизга ҳам раҳмат.

