Сеутадаги 500 нафар мигрант бола Испанияга кўчирилади

Испания ҳукумати Сеутадаги 500 нафар вояга етмаган мигрант болани мамлакатнинг материк қисмига кўчиришга рухсат бериш орқали ноқонуний мигрантлар борасидаги аввалги қарорини кутилмаганда ўзгартирди. Бу ҳақда Тҳе Гуардиан хабар берди.
Аввалроқ, 30-июл куни Шимолий Африкадаги Испания ҳудуди бўлмиш Сеутага ўтган тахминан 70 минг кишининг аксарияти Марокашга қайтарилган эди. Бироқ, Испания қонунларига кўра, давлат қаровчисиз қолган ёш мигрантларни 18 ёшга тўлгунга қадар ўз қарамоғига олиши шарт.
Ички ишлар вазири Фернандо Гранде-Марласка 13-август куни Сеута ёки Мелиллага ноқонуний кирган ҳар бир киши ортга қайтарилишини ва уларнинг Испанияга ҳам, Европа қитъасига ҳам етиб бормаслигини таъкидлаган эди.
Болаларни Испания материкига кўчириш сиёсий жиҳатдан нозик масала бўлиб, консерватив Халқ партияси ва ўнг қанотдаги Вох партияси бошқарадиган бир қанча ҳудудлар уларни қабул қилишга қаршилик кўрсатмоқда.
Низоларни камайтириш мақсадида Ёшлар вазирлиги Сеута ҳукумати билан шошилинч режа тузмоқда. Унга кўра, Нодавлат ташкилотлар ва болаларни ҳимоя қилиш агентликлари энг хавф остидаги болаларни, айниқса қизларни ўз қарамоғига олади. Бунда васийлик Испаниянинг минтақавий ҳукуматларига ўтказилмайди.
Болалар масалалари бўйича давлат котиби Рубен Перес Корреа 16-август кунидан бери Сеутада бўлиб, юзлаб болаларнинг кўчада яшаётгани ва аҳоли берган эҳсонлар эвазига кун кечираётгани билан боғлиқ вазиятни ҳал қилишга уринмоқда.
Ҳукуматнинг бу режаси Европа Комиссияси баёнотидан бир неча соат ўтиб пайдо бўлди. Европа Комиссияси Евроиттифоқ қонунчилигига кўра, барча мигрантлар, жумладан вояга етмаганлар ҳам Марокашга қайтарилиши кераклигини билдирганди. Ички ишлар бўйича комиссия вакили Маркус Ламмерт барча ноқонуний мигрантлар ортга қайтарилиши шартлигини таъкидлаган эди.
Бундай қарама-қарши хабарлар Евроиттифоқнинг миграция бўйича сўнгги битими Испания қонунчилигига ҳали киритилмагани билан боғлиқ. Шу сабабли Испаниянинг вояга етмаганлар бўйича ўз қонунлари амалда қолмоқда.
Испания Интеграция ва миграция вазирлиги маълумотларига кўра, март ойида 16 ёшдан 23 ёшгача бўлган 21 104 киши давлат қарамоғида бўлган. Улардан 3500 нафари 17 ёшдан кичик бўлган. Уларнинг тахминан 50 фоизини Марокашдан келганлар, 8 фоизини эса қизлар ташкил этган.

