Сержио Гор: «Мен учун Бухоро тарихий масканларини зиёрат қилиш жуда ҳам қизиқ» (фото)
Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги мулоқотларнинг изчил давом этиши икки томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш

Сержио Гор: «Мен учун Бухоро тарихий масканларини зиёрат қилиш жуда ҳам қизиқ» (фото)
АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Горнинг қадимий Бухорои Шарифга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ўзаро англашув ва маданий мулоқотнинг муҳим ифодасига айланди.
— Замонавий халқаро муносабатларда дипломатия фақат расмий музокаралар ва сиёсий учрашувлар билангина чекланиб қолмайди. Мамлакатингиз, айниқса, Бухоронинг жозибаси ҳақида кўп эшитганман. Шу боис, ташрифни тарихий масканлар зиёратидан бошлашни жуда истайман. Бу мен учун жудаям қизиқ,
— деди Сержио Гор самолётдан тушар экан.
Бухоро вилояти ҳокими ахборот хизмати раҳбари Олим Жўраевнинг «Xabar.uz»га билдиришича, элчи Сержио Горнинг ўз хоҳишига кўра, сафар тарихий жойларни кўришдан бошланган. У Исмоил Сомоний мақбараси, Болоҳовуз масжиди, Арк қўрғони, Минораи Калон, Нодир Девонбеги мадрасаси ва Лаби Ҳовуз мажмуаси каби тарихий обидалар билан танишган.
— Ушбу меъморий ёдгорликлар халқингизнинг кўп асрлик бунёдкорлик салоҳияти, юксак диди ва бой маънавий оламини ўзида мужассам этгани яққол кўриниб турибди. Илм-фан, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик ва маданият маркази бўлган шаҳрингизнинг бетакрор жозибасидан лол қолдим,
— деди Сержио Гор.
Элчининг шаҳар маданий мероси билан танишуви Ўзбекистоннинг тарихий бойликларини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш ҳамда халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Бундай ташрифлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ўзаро ҳурмат, ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда салмоқли ўрин тутади.
Айтиш жоизки, элчининг Бухорога ташрифини фақат тарихий обидалар билан танишув билангина чекланади, деб баҳолаш тўғри бўлмайди. Бундай сафарлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестициявий мулоқотни жонлантириш ҳамда янги шериклик имкониятларини муҳокама қилиш учун ҳам катта аҳамиятга эга.
Элчи билан мулоқот давомида икки давлат ўртасида энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, ахборот технологиялари, таълим, илм-фан, туризм ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги мулоқотларнинг изчил давом этиши эса икки томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш учун қўшимча имкониятлар яратади.

