Маҳаллий

Сергелида ўқувчилар аввал қувурлар устидан ўтган Жунариқ каналида янги кўприк қуриб битказилди

Тошкентнинг Сергели туманида Жунариқ ва Юқори Дархон маҳаллаларини боғловчи янги кўприк фойдаланишга топширилди. Бу ерда аввал болалар канал устидан қувурлар орқали ўтиб келган. Кўприк масаласи бир неча бор кўтарилиб, президент ҳам мурожаатга етарлича эътибор берилмаганини танқид қилган.

Тошкентнинг Сергели туманида Жунариқ ва Юқори Дархон маҳаллаларини боғловчи янги кўприк ишга туширилди. Ушбу иншоот янги ўқув йили бошланиши арафасида, айниқса мактаб ўқувчилари ва аҳолининг канал орқали хавфсиз ўтишини таъминлаш мақсадида очилди.

Аввалроқ бу ҳудудда канал орқали хавфсиз ўтиш муаммоси мавжуд эди. Баъзи аҳоли вакиллари, жумладан, мактаб ўқувчилари йўлни қисқартириш учун канал устидан ўтказилган қувурлардан фойдаланишга мажбур бўлишган.

Янги кўприкнинг узунлиги 28 метр, кенглиги эса 8 метрни ташкил этади. Мустаҳкам конструксия асосида қурилган бу иншоот 80 тоннагача юк кўтариш имкониятига эга. Лойиҳанинг умумий қиймати 1,7 миллиард сўмни ташкил этди.

Ушбу кўприк "Янги Чоштепа" ва "Янги Қўшнилар" турар жой мажмуалари аҳолиси учун транспорт қатновини енгиллаштиради. Шунингдек, 76-мактаб ўқувчилари, 54-сонли мактабгача таълим ташкилотига қатновчи болалар ва ҳудуд ёшлари ундан хавфсиз фойдаланишлари мумкин.

Кўприк қурилишига олиб келган муаммо аввал ҳам бир неча бор кўтарилган эди. 2025-йил ноябр ойида Сергели тумани ҳокимлиги Юқори Дархон ва Жунариқ маҳаллалари туташган ҳудуддан оқиб ўтувчи Жунариқ канали устидаги кўприкни қайта қуриш учун 1 миллиард сўм маблағ ажратилгани ва лойиҳа-смета ҳужжатлари тасдиқланганини маълум қилган. Ўшанда янги кўприк билан бирга пиёдалар йўлакларини ташкил этиш ва унга туташ йўл қопламасини таъмирлаш ҳам режалаштирилгани айтилган. 24-ноябрдан эса қурилиш ишлари сабабли йўл қисмини икки ойга ёпиш режалаштирилган эди.

2026-йил январда ҳокимлик мазкур ҳудудда янги кўприк қуриш лойиҳаси учун 1,2 миллиард сўм маблағ ажратилганини билдирган. Янги иншоот, пиёдалар учун хавфсиз йўлак ва янги асфалт қопламаси қурилиши режалаштирилган эди.

Бироқ март ойига келиб ҳудуддаги вазият яна ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинди. Тарқалган видеоларда болалар ва ўқувчилар канал устидан қувурлар орқали ўтаётгани акс этган. Фойдаланувчилар кўприк олиб ташлангани, янгиси эса ҳали қурилмаганини танқид қилган.

9-март куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳудуддаги вазиятга изоҳ бериб, бу ер аввалроқ Зангиота туманидан Тошкент шаҳри таркибига ўтказилганини маълум қилган. Ҳокимликка кўра, ҳудудда иккита йирик турар жой мажмуаси қурилган бўлиб, уларнинг ўз мактаб ва боғчалари мавжуд. Шунга қарамай, айрим болалар ва аҳоли каналнинг нариги томонидаги таълим муассасаларига қатнайди.

Ҳокимлик аввал бу ерда пиёдалар кўприги бўлганини, аммо у авария ҳолатида бўлгани учун бузиб ташланганини билдирган. Расмий изоҳга кўра, кўприк фақат пиёдалар учун мўлжалланганига қарамай, ундан мунтазам равишда автомобиллар ҳам ҳаракатланган ва бу унинг яроқсиз ҳолга келишига сабаб бўлган. Ҳокимлик шу куни мазкур участкада автотранспорт ва пиёдалар учун мўлжалланган янги кўприк қурилиши режалаштирилганини билдирди.

Сергели туман ҳокимлиги ҳам янги кўприк қурилиши бўйича Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарорлари қабул қилинганини билдирган. Қурилиш ишларини яқин 5-10 кун ичида бошлаш режалаштирилгани айтилган.

13-март куни президент иштирокида ўтказилган йиғилишда ҳам ушбу ҳолат тилга олинди. Январ ойида фуқаро Сергелида оқиб ўтадиган Жунариқ каналига мактаб ўқувчиси тушиб кетгани ҳақида хабар бериб, бузилган кўприкни қайта тиклашни сўраган. Бу мурожаатга икки ой давомида масъуллар томонидан етарлича эътибор қаратилмагани ва мурожаатга юзаки жавоб берилгани танқид қилинган.

24-июн куни ҳокимлик ҳудудда Жунариқ ва Салара каналлари устидан иккита кўприк қурилаётганини маълум қилди. Уларнинг бирида асосий ишлар якунланган, иккинчисида эса қурилиш давом этаётгани айтилди. 20-август куни эса Жунариқ маҳалласидаги канал устидан қурилаётган кўприкдаги ишлар туман ҳокими назоратида экани, қурилишни сифатли якунлаш ва обьектни белгиланган муддатда аҳолига топшириш бўйича топшириқ берилгани билдирилди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.