Иқтисодиёт

Сентябрда ҳам олтин сотилмади: Ўзбекистон захираси тўққиз ойда 55 тоннага “бойиди”

Бу йил ҳисобидан апрел ва июл ойларидагина қимматбаҳо металл экспорт қилинди. Сотув қисқариши фонида захирадаги олтинлар сезиларли кўпайган.

Сентябр ойида ҳам олтин сотилмади: Ўзбекистон захираси тўққиз ойда 55 тоннага “кўпайди”

Ўзбекистон 2026-йил сентябрида ҳам олтин экспорт қилмади. Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Марказий банк йил бошидан буён фақат апрел ойида 1,5 млрд долларлик ва июл ойида 1,3 млрд долларлик қимматбаҳо металл сотган. Қолган ойларда заводлардан харид қилинган олтинлар захирага қўшиб борилган.

Аввалги йилларда қимматбаҳо металл савдоси мамлакат умумий экспортининг камида учдан бир қисмини ташкил этиб келган. Масалан, 2025-йилнинг тўққиз ойида 9,8 млрд долларлик олтин сотилган ва бу умумий экспорт тушумларининг 35,9 фоизига тенг бўлган. Жорий йилнинг шу даврида эса олтиннинг улуши жами экспортда 10,8 фоизни ташкил этди.

Сўнгги пайтларда мамлакат олтин экспортини камайтираётгани фонида захиралар ҳажми сезиларли даражада ошмоқда. 2026-йил 1-октябр ҳолатига кўра, мамлакат захирасида 14,3 миллион унсия, яъни 446,9 тонна олтин мавжуд. Январ бошида бу кўрсаткич 12,6 миллион унсия ёки 391,9 тонна эди. Тўққиз ой ичида захирадаги қимматбаҳо металл ҳажми қарийб 55 тоннага ошган.

Аввалроқ жаҳон марказий банклари 2026-йил бошидан бери 130 тонна атрофида олтин харид қилгани маълум бўлганди. Шундан Ўзбекистоннинг харидлари 40 тоннани ташкил этиб, дунёда учинчи ўринни эгаллаган.

Мамлакатда олтин қазиб олувчи икки йирик корхона — Навоий ва Олмалиқ кон металлургия комбинатлари фаолият юритади. Марказий банк улардан қимматбаҳо металлни сотиб оладиган ягона харидор ҳисобланади ва харид қилинган олтинларни керак бўлганда сотиш ҳуқуқига эга. 2026-йил И ярмида Навоий кон-металлургия комбинати олтин сотувидан 2,38 млрд доллар соф фойда олганини билдирган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.