Сенат сув ҳисобини юритиш ва ундан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни маъқуллади

Сенат сув ҳисобини юритиш ва ундан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни маъқуллади
Ўзбекистон Сенати сувнинг давлат ҳисобини юритиш ва сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтирувчи қонунни қўллаб-қувватлади. Шунингдек, ҳужжатда сувдан фойдаланиш шартномаларини махсус ахборот тизими орқали электрон шаклда автоматлаштирилган тарзда рўйхатдан ўтказиш кўзда тутилган.
Ўзгартиришлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Сув кодексига киритилмоқда. Хусусан, сувнинг давлат ҳисобини юритиш, сув хўжалиги объектлари ва иншоотларини эксплуатация қилиш, шунингдек, оқова сувларни оқизиш тартибига риоя этиш учун масъул бўлган шахсларнинг жавобгарлиги белгиланмоқда.
Сув хўжалиги объектлари, иншоотлари ва канализация тармоқларидан фойдаланиш қоидаларига алоҳида аниқлик киритилмоқда. Сувдан фойдаланиш тўғрисидаги шартномаларни махсус ахборот тизими орқали электрон шаклда автоматик тарзда рўйхатдан ўтказиш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, қонун сув хўжалиги объектлари ва хизматлари фаолиятини аутсорсинг ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш тартибини аниқлаштиради. Бундай лойиҳалар иштирокчиларини танлаб олиш тендер ва танловлар орқали амалга оширилади.
Сенаторларнинг фикрича, ўзгартиришлар сув ресурсларидан янада самарали фойдаланиш, қонунбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг муҳофазасини кучайтиришга хизмат қилиши керак.
Аввалроқ Чорвоқ сув омбори соҳилида Sea Breeze Uzbekistan туристик мажмуасини қуриш лойиҳаси атроф-муҳитга таъсирни баҳолашнинг иккинчи босқичидан ўтган эди. Унинг якунларига кўра, давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси олинган.

