Сенат кадастр соҳасидаги муаммолар юзасидан ҳукуматга сўров юборди

Сенат кадастр соҳасидаги муаммолар бўйича ҳукуматга сўров йўллади
Сенат ер ва кўчмас мулк соҳасидаги муаммолар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборди. Бу ҳақдаги қарор Сенатнинг 11-сентябрдаги ялпи мажлисида қабул қилинди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимовнинг айтишича, сўнгги беш йил ичида соҳани тартибга солишга доир 60 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.
Кадастр тизимига рақамли технологиялар татбиқ этилиб, ахборот тизимларини бирлаштириш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилган.
Жумладан, илгари алоҳида ишлаган “Давреестр”, “Кўчмас мулк” ва “Кўчмас мулк-3” ахборот тизимлари ўрнига Жаҳон банки билан ҳамкорликда Кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот портали — Узсард тизими ишга туширилган.
Бундан ташқари, ер ва кадастр назоратини рақамлаштириш мақсадида “Э-ерназорат” автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилиб, у Бош прокуратура ҳамда Ички ишлар вазирлигининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинган.
Шунга қарамай, соҳада муаммолар сақланиб қолмоқда. Ҳозир республикадаги 8,8 миллион кўчмас мулк обьектининг 6,2 миллионтаси давлат рўйхатидан ўтказилган, 2,6 миллионтаси эса ҳали рўйхатдан ўтказилмаган.
2025-йилда Президент виртуал ва Халқ қабулхоналарига Кадастр агентлиги ваколатига кирувчи масалалар бўйича жами 29 мингта мурожаат келиб тушган.
Энг кўп мурожаатлар Қашқадарё вилоятида — 3,2 мингта, Сурхондарёда — 3,1 мингта, Тошкент вилоятида — 3 мингта, Тошкент шаҳрида — 2,9 мингта ва Самарқанд вилоятида — 2,8 мингта қайд этилган.
“Мурожаатларнинг 68,6 фоизи кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, кадастр маълумотлар базаси, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва улардан қонунга зид фойдаланиш ҳолатларига оид”, деди Абдусаид Кўчимов.
2025-йилда кадастр органлари томонидан давлат хизматларини кўрсатишда 20,9 мингта асоссиз рад этиш ҳолати аниқланган. Яна 8,9 мингта ҳолатда давлат хизматларини кўрсатиш муддатлари бузилган, 46 та ҳолатда фуқаролардан ортиқча ҳужжатлар талаб қилинган ва 251 та бошқа турдаги қонунбузарлик қайд этилган.
Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармалари томонидан 96 та ҳолатда кадастр ҳужжатлари қонун талабларига зид равишда расмийлаштирилган.
Бундан ташқари, 2025-йил ва 2026-йилнинг биринчи чораги давомида Кадастр агентлиги ҳамда унинг қуйи тизими ташкилотлари фаолиятида аниқланган қонунбузарликлар юзасидан 86 та жиноят иши қўзғатилган.
2025-йилда судларда кадастр идоралари мансабдор шахсларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб эътироф этиш, уларнинг ҳаракатлари ёки ҳаракацизлигини қонунга хилоф деб топишга оид 3 мингдан ортиқ низо кўриб чиқилган.
Мажлисда кўчмас мулк обьектларининг бозор қийматини белгилаш механизмларини жорий этиш, стратегик инвесторларга ер участкаларини ажратиш тартибини соддалаштириш ҳамда аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатилаётган кадастр хизматлари сифатини ошириш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, кадастр органларида қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда қарорларнинг қонунийлиги ва асослилиги устидан ички назоратни кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Муҳокама якунида ушбу ва бошқа масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди.

