Сиёсат

Сенат 14 ёшгача бўлган болаларга нисбатан жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини маъқуллади

Қонун билан 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахслар учун узоқ муддатга – 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилмоқда.

Сенат 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан содир этилган жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини маъқуллади

Олий Мажлис Сенатида 2-октабр куни ўтказилган ялпи мажлисда «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилиб, маъқулланди.

«Мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларни тазьиқ ва зўравонликдан муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Аммо амалиёт таҳлили вояга етмаганларга нисбатан содир этилаётган жинсий ва жисмоний зўравонлик ҳолатларига қарши жазо муқаррарлигини таъминлаш ҳамда процессуал ҳимоя механизмларини янада кучайтиришни тақозо этмоқда», – дейилади Сенат матбуот хизмати хабарида.

Сенаторлар мазкур қонун жамиятда болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига чек қўйиш, содир этилган қилмиш учун жазонинг муқаррарлигини таъминлаш ҳамда ҳар бир боланинг хавфсиз ва адолатли муҳитда камол топишига хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Энди ҳужжат кучга кириши учун уни президент имзолаши керак бўлади.

Қонунга кўра, 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига текканлик ҳамда унга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондирганлик учун узоқ муддатли 25 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилмоқда.

Шунингдек, болаларнинг жинсий дахлсизлигига қарши содир этилган ўта оғир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш ва ҳукмни ижро этиш муддатлари ўтиб кетгани қўлланмайди.

Боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятлар учун шартли ҳукм қилиш ва жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш бутунлай тақиқланмоқда.

Жинсий зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга процессуал ҳаракатларга жалб этилган илк дақиқалардан бошлаб давлат ҳисобидан бепул малакали юридик ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилмоқда.

Зўравонликдан жабр кўрган вояга етмаганларни сўроқ қилиш жараёнини видеоёзув орқали қайд этиш, жинсий эркинликка қарши жиноят қурбони бўлган бола ва гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўртасидаги юзлаштиришни махсус тартиб бўйича ўтказиш, жабрланувчи бола ва айбланувчи ўртасидаги юзлаштиришни эса фақат терговчи, прокурор қарори ёки суд ажрими асосида ўтказиш белгиланмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.