Дунё

Сайлов тугади: қандай хулосалар қилиш мумкин?

Россияда парламент сайлови натижалар, ҳукмрон партия ғалабаси ва уруш давридаги бундай сайлов ўтказиш Кремлга нега керак бўлганига тўхталгандик. Бугун жараёндан қандай хулоса қилиш мумкинлигига таҳлил қиламиз.

Сайлов якунланди: қандай хулосалар чиқариш мумкин?

Кремл учун бу йил энг муҳим масала давомат эди. Чунки Украина сайлов куни ҳужум қилиши мумкинлиги кутилган, уруш давридаги норозилик кучайиши эҳтимоли бор эди ва шу сабаб сайловга кўпчилик келмай қолиши варианти ҳам мавжуд эди. Аммо бу сафар давомат ҳавас қилса арзигулик даражада — 57 фоизга яқин бўлди. Расмий маълумотларга кўра, сайловларда қарийб 63 миллион россиялик қатнашган. Бу ҳақиқатан ҳам юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Сайловдан олдин ҳатто оптимист экспертлар ҳам давомат 50 фоиз атрофида бўлишини тахмин қилганди. Шу боис Россия давлат нашрлари 57 фоизлик давоматга алоҳида урғу бермоқда. Сайлов натижалари қайси фоизда бўлишидан қатъи назар, «Единая Россия» фойдасига ҳал бўлишини тахмин қилиш қийин эмас эди.

Шахмат афсонаси ва мухолифатчи Гарри Каспаров бу йил Россия мухолифати «сайловда давомат юқори бўлиши учун қўлидан келганини қилгани» ҳақида аччиқ фикр билдирди. Мухолифат айнан кимларга овоз бериш, қайси вақтда овоз бериш, албатта овоз бериш бўйича тавсиялар эълон қилиб, давоматнинг ошишига ҳисса қўшгани рост. Мухолифлар 20-сентабр куни куннинг иккинчи ярмида овоз беришга чақирди ва айнан шу пайтда катта шаҳарлардаги участкалар олдида навбатлар пайдо бўлди.

Бу ерда Каспаровни ҳам, мухолифатчиларни ҳам тушуниш мумкин. Каспаров сайловга бойкот қилишга чақириб, Кремлни уялтиришни истаганди. Кац ва Навалничилар эса қўл қовуштириб ўтиришдан фойда йўқ, биз ҳеч нарса қилмасак ҳам барибир давоматни истаганларича ёзишади, деган фикр билан қайсидир маънода қаршилик кўрсатишга уринди.

Россиялик уруш тарафдорлари учун ўтказилган сайловларнинг аҳамияти паст эди, чунки қандай натижа қайд этилиши деярли аниқ, ҳеч қандай интрига йўқ эди. Аммо урушга қарши бўлган россияликлар сайловда ўз позициясини қандай билдириш ҳақида узоқ ўйлади, улар учун бу бир имкон эди. Ҳозир Россияда урушни очиқчасига қоралаб бўлмайди, паст овозда бўлса ҳам урушга қарши чиққан битта партия сайловга қўйилмади.

Шу сабаб сайловда қатнашган урушга қарши либерал қарашдаги россияликлар жуда эҳтиёткор ҳаракат қилишди. Сайловнинг охирги куни узун навбатлар ҳосил қилганлар айнан урушга қарши, бироқ буни баланд овозда айтишдан қўрққан россияликлар эди. Улар сайловдан ўз позициясини қонунни бузмаган ҳолда билдириш имконияти сифатида фойдаланди. Мухолифат тавсия қилган вақтда бориб, улар тавсия қилган одамларга овоз беришди, кейинчалик натижалар бутунлай бошқача кўриниш олган бўлса ҳам.

Лекин Кремл хавотир олганидек исён ҳам бўлмади. Россияликлар сайловда урушга қарши эканини ошкор билдирмади, намойишлар бўлмади, сайловга бойкот ҳам қилинмади. Ҳаммаси ҳануз Кремл назоратида экани аён бўлди. Ўз навбатида, сайловда Кремлни янада руҳлантирадиган ҳеч нарса юз бермади. Хориждаги ёки кузатувчилар ўз ишини бажара олган участкаларда «Единая Россия» номзодлари ғолиб бўлолмаганини кўрдик.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.