Саудияга ҳужум қилаётган ҳусийчилар Эрондан қанчалик мустақил?
АҚШ-Эрон уруши нофаол фазага ўтган бир пайтда, Ямандаги ҳусийчиларнинг Саудияга ҳужумлари кескинлаштирмоқда. Ар-Риёд ҳарбий жиҳатдан устун, лекин тинч аҳоли орасидаги ҳусийчиларга қарши курашиш осон эмас. Теҳрон уларга таъсир кўрсаца-да, гуруҳнинг мустақил қарорлари Эронни ўзи истамаган қарама-қаршиликка ҳам тортиб кетиши эҳтимоли бор.

Саудияга ҳужум қилаётган ҳусийчилар Эрондан қанчалик мустақил?
Ҳусийчиларнинг бугунги ҳаракатларида Эрон таъсирини аввалгига нисбатан анча паст баҳолайман. Менимча, ҳусийчилар энди мустақил қарорлар қабул қилиб, ўз манфаатларидан келиб чиқиб ҳаракат қила бошлаган. Албатта, уларнинг қурол-яроғ имкониятлари кўп жиҳатдан Эронга бориб тақалади. Улар ўзлари ишлаб чиқарганини айтаётган дронлар ва ракеталарнинг бир қисми ҳам Эрон томонидан етказиб берилган ёки унинг ёрдами билан ишлаб чиқарилган. Шунга қарамай, ҳусийчиларнинг сўнгги ҳаракатларида Эрон омилини аввалгидек ҳал қилувчи деб билмайман. Бу таъсир бутунлай йўқ дегани эмас, бироқ унинг даражаси пасайган бўлиши мумкин.
Ҳусийчиларнинг ҳозирги хатти-ҳаракатлари менга 2023-йил 7-октабрда Ҳамас амалга оширган ҳужумни эслатади. Ўша пайтда ҳам Ҳамас ўз қудратини тўғри баҳоламагани, айрим ташқи кучларнинг ёрдамига ортиқча умид қилгани ҳақида фикрлар билдирилган эди. Оқибатда Исроил бу ҳужумдан Ғазога қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётларини оқлаш учун фойдаланди ва ҳудуднинг катта қисмини вайрон қилди.
Ҳусийчиларнинг Саудия Арабистонига қарши ҳаракатларида кимга ёки қандай кучга таянаётгани ҳам муҳим масала. Айниқса, бу воқеалар Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон ўртасида келишувлар муҳокама қилинаётган бир вақтда юз бераётгани эътиборга молик. Агар Макка алянси ҳусийчиларга қарши умумий позиция шакллантиришни ҳам кўзда тутаётган бўлса, ҳусийчиларнинг бундай ҳужумлари улар учун янада катта хавфга айланиши мумкин. Чунки Саудия Арабистони очиқ урушга киришда эҳтиёткорлик билан ёндашади. Мамлакатнинг иқтисодий ва инвестициявий лойиҳалари, энергетика инфратузилмаси ҳамда катта ҳудудларини ҳимоя қилиш зарурати бундай тўқнашувнинг нархини оширади.
Замонавий ҳаво мудофаа тизимларига эга давлатлар ҳам энергетика обьектларини барча ҳужумлардан тўлиқ ҳимоя қила олмаётган бир шароитда, Саудия Арабистони учун ҳам бундай хавфларни бутунлай бартараф этиш осон эмас. Шу сабаб Ар-Риёд ҳусийлар билан кенг кўламли урушга киришишдан олдин унинг оқибатларини ҳисобга олиши табиий.
Ҳозирги вазиятда ҳусийчилар жуда катта таваккалга қўл урмоқда. Айниқса, Ар-Риёддаги аеропортга қилинган ҳужум ҳақидаги хабарлар жиддий саволларни келтириб чиқаради. Чунки гап ҳарбий нишонлар эмас, фуқаролик инфратузилмаси ҳақида кетмоқда. Бу эса ҳусийчиларнинг бошқа мусулмон давлатлари жамоатчилиги олдидаги обрўсига ҳам путур етказиши мумкин. Уларнинг ҳаракатлари Эрон билан боғланиши эса Теҳронга хайрихоҳ бўлган айрим давлатлар ва жамоатчилик вакилларининг ҳам муносабатини ўзгартириши эҳтимолдан холи эмас.

