Дунё

Саудия Хитойдан Эрон ва ҳусийларга босим ўтказишни сўради — манба

Саудия Хитойдан Эрон ва ҳусийларга босим ўтказишни сўради — манба

Саудия Арабистони ҳусийларга таъсир кўрсатишда ёрдам бериши учун Хитойга мурожаат қилган. Шундан кейин Пекин Эронга Яман ҳусийларини тўхтатишга чақирган. Реутерс бу ҳақда вазиятдан хабардор учта эронлик манбага таяниб хабар берди.

Сўнгги ҳафтада ҳусийлар Қизил денгиз қирғоқлари ва Боб ал-Мандаб бўғози атрофида тез суръатда олдинга силжиди. Бу ҳолат Саудия нефт экспорти ҳамда кемалар қатнови учун хавф туғдира бошлади. Шу сабаб Ар-Риёд Хитойдан ёрдам сўрашга мажбур бўлди.

Хитой аввал ҳам очиқчасига вазминлик, мулоқот ва хавфсиз денгиз қатновини тиклашга чақирган эди. Бироқ мамлакатнинг Эронга юборган хабари расмий баёнотларга қараганда қатъийроқ бўлгани айтилмоқда.

Хитой дунёдаги иккинчи йирик иқтисодиёт бўлиб, унинг иқтисодиёти энергия йўлларига жуда боғлиқ. Шу сабаб Пекин Эроннинг ҳусийларга таъсиридан фойдаланишини ва можаронинг энергия йўлларига тарқалиб кетишининг олди олинишини истайди.

Хабар қандай етказилгани борасидаги тафсилотлар ошкор этилмади. Бу мулоқот Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчининг 16-сентябр куни Хитойга қилган ташрифи чоғида бўлган-бўлмагани ҳам номаълум. Манбаларга кўра, Хитой расмийлари Теҳронни иқтисодий чоралар билан таҳдид қилмаган.

Эрон томони бу мурожаатга жавобан минтақадаги барқарорлик ва тинчлик АҚШ ҳамда Исроилнинг Эронга қарши урушини тўхтатишга боғлиқлигини билдирган.

Реутерс сўровига жавобан Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ҳам муносабат билдирди. Вазирлик Пекин минтақавий кескинликнинг Яманга ва Қизил денгизга ёйилишини истамаслигини, беқарорликнинг кучайиши эса ҳеч бир томон манфаатига мос келмаслигини таъкидлади.

Шунингдек, барча давлатларнинг суверенитети ва хавфсизлиги ҳурмат қилиниши, аҳоли ҳаёти учун муҳим обьектлар нишонга олинмаслиги кераклиги айтилди. Хитой вазиятни янада мураккаблаштирадиган ҳаракатларни тўхтатишга ва масалаларни мулоқот орқали ҳал қилишга чақирди. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам, Саудия Арабистони ҳукумати ҳам Реутерс сўровига жавоб бермади.

Хитой ўн йилдан ортиқ вақтдан бери Эроннинг энг йирик савдо ҳамкори бўлиб келмоқда ва мамлакат Эрон нефтининг асосий харидоридир. Кплер таҳлил компанияси маълумотига кўра, 2025-йилда Пекин Эрон нефт экспортининг 80 фоиздан ортиғини сотиб олган. Бу кунига ўртача 1,4 миллион баррел дегани.

Ҳусийлар 1990-йилларда пайдо бўлган. Ғарб ва Эрон манбаларига кўра, уларни Эрон қуроллантиради, ўқитади ва молиялаштиради. Улар Теҳронга қарашли “Қаршилик ўқи”нинг бир қисми ҳисобланади.

Эрон Ҳормуз бўғозини тўсишни бошлаганидан бери ҳусийларнинг Қизил денгиздаги таҳдиди глобал энергия инқирозини янада оғирлаштирмоқда. Агар ҳусийлар Қизил денгиздаги кемалар ва портларга ҳужумларни давом эттирса, Яқин Шарқнинг иккита асосий нефт йўли бир вақтнинг ўзида издан чиқади.

Маълумот ўрнида, ҳусийлар 16-сентябр куни Яман ҳаво ҳудудида Саудия Арабистонининг Ф-15 қирувчи самолётини уриб туширди. 15-сентябр куни эса Саудия Макка томон учирилган ҳусийлар дронини йўқ қилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.