Саудия Арабистони ва Ўзбекистон: ҳамкорлик йилдан-йилга ривожланиб бормоқда
Ҳар йили 23-сентябр Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Миллий куни сифатида нишонланади. Подшоҳликда шу куни халқ рақслари,

**Саудия Арабистони ва Ўзбекистон: ҳамкорлик йилдан-йилга кенгайиб бормоқда**
Кеча, 23-сентябр куни Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ўзбекистондаги элчихонаси мамлакат Миллий куни муносабати билан қабул маросимини ташкил этди. Тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, жумладан, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева ҳам қатнашди.
Аввал икки давлат мадҳиялари янгради. Маросимда Саудия Арабистони Подшоҳлигининг республикамиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Саад бин Носир бин Абдуллоҳ Абу Ҳаймед мамлакатда сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида сўз юритди. У, шунингдек, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларига тўхталиб, бу ҳамкорлик йилдан-йилга ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди ва иқтисодиётнинг кўплаб стратегик йўналишларини қамраб олмоқда. Саудия Арабистони томонидан Ўзбекистон иқтисодиётига йўналтирилган инвестициялар ҳажми 2,8 миллиард доллардан ошди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Саудия капитали иштирокидаги 433 та корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми жадал суръатларда ўсиб, йиллик 178 миллион долларни ташкил этмоқда.
Ҳамкорликнинг энг йирик ва стратегик йўналиши энергетика ҳисобланади. Саудия Арабистонининг АСВА Повер компанияси Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида шамол ва қуёш электр стансияларини қуриш, шунингдек, “яшил” водород ишлаб чиқариш бўйича қиймати миллиардлаб долларлик лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Икки давлат соғлиқни сақлаш тизимини рақамли технологиялар асосида такомиллаштириш, тиббиётга инновацион ечимларни жорий этиш ҳамда давлат-хусусий шериклик механизмларидан самарали фойдаланиш йўналишида фаол иш олиб бормоқда. Шунингдек, шифокорлар малакасини ошириш бўйича қўшма дастурлар мавжуд. Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Саудия Арабистонининг Подшоҳ Сауд университети ўртасида таълим ва илмий тадқиқотлар бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган.

