Саудия Арабистони Фейсбукдаги шарҳи учун эркакка берилган ўлим жазосини бекор қилди
Аножан Сиварасанинг иши Шри-Ланкада кучли ларза келтириб чиқарди ва афв этишни сўраш бўйича дипломатик ҳаракатларни жонлантириб юборди.

Саудия Арабистони Олий суди Шри-Ланкалик меҳнат мигрантига Facebook'даги шарҳи учун берилган ўлим жазосини бекор қилди, деб билдирди Коломбо ташқи ишлар вазири ўринбосари Арун Ҳемачандра.
27 ёшли Аножан Сиварасага сентябрь ойида Саудия апелляция суди ушбу шарҳ сабабли Ислом дини ва Муҳаммад пайғамбарни ҳақорат қилишда айбдор деб топганидан кейин ўлим жазоси тайинланган эди.
Ҳемачандра чоршанба куни Facebook'даги постида Саудия Арабистони олий суди ҳукмни бекор қилганини айтди ва ҳар икки мамлакат расмийлари ҳамда ҳуқуқшунослар жамоасига қилган ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирди.
Июнь ойи охирида ижтимоий тармоқларда ёш мусулмон йигитнинг ҳинду зиёратчилари ортидан итни тепаётгани акс этган видео кенг тарқалиб, тармоқда диний баҳс-мунозараларга сабаб бўлган эди.
Ушбу ёзишмалар чоғида фойдаланувчилардан бири ҳинду маъбуди ҳақида ҳақоратомуз фикрлар қолдирган, бу эса Сиварасани тамил тилида Муҳаммад пайғамбарга қаратилган ҳақоратлар билан жавоб қайтаришга ундаган.
Сивараса шарҳни тезда ўчириб ташлаган ва кечирим сўралган видеожойлаштирган бўлса-да, унинг скриншоти иш берувчисига ва Саудия расмийларига кўрсатилган, бу эса июль ойида унинг ҳибсга олинишига олиб келган.
Кейинги ҳуқуқий чоралар кўрилиши ёки Сиварасанинг ҳибсда қолиш-қолмаслиги ва бу қанча вақт давом этиши ҳозирча номаълумлигича қолмоқда. У дастлаб Ал-Аҳса жиноят суди томонидан беш йилга озодликдан маҳрум қилиниб, уч миллион Саудия риёли (800 минг доллар; 600 минг фунт стерлинг) миқдорида жаримага тортилган эди.
Сивараса иши бўйича Саудия Арабистони билан ҳуқуқий музокараларда иштирок этган Шри-Ланка қонун чиқарувчиси Файзер Мустафо BBC Sinhala хизматига Саудия Арабистони ўлим жазосини бекор қилганини айтди ва Олий суднинг сўнгги қарорини кўриб чиқишаётганини қўшимча қилди.
Сиварасанинг оиласи илгари 28 сентябрдан бери у билан тўғридан-тўғри алоқада бўлишмаганини айтган эди.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам Саудия Арабистонини унинг ҳаётини сақлаб қалишга чақириқларга қўшилган эди.
«Саудия расмийлари, айниқса, шундоқ ҳам ҳимоясиз аҳволда бўлган ва ҳимоя имкониятлари чекланган меҳнат мигрантларига нисбатан сўз эркинлиги билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун оғир жазолар беришда шафқатсиз қонунлардан фойдаланишни тўхтатишлари керак», деди сешанба куни Human Rights Watch ташкилотининг Саудия Арабистони бўйича тўнғич тадқиқотчиси Жои Шеа.

