Сармоя бозорида жиддий ўзгаришлар кутилмоқда
Иқтисодиётнинг барқарор ва жадал ўсишини таъминлаш учун фақатгина қисқа муддатли эмас, балки узоқ муддатли молиявий ресурслар ҳам ўта зарур. Бундай йирик ва стратегик маблағларни жалб этишда эса капитал бозори воситалари беқиёс аҳамият касб этади.

Сармоя бозорида катта ўзгаришлар юз бериши кутилмоқда. Шу сабабли, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан “Капитал бозори тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёни якунланмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси миллий капитал бозорини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини тубдан янгилашга қаратилган. Унда капитал бозорида молиявий инструментлар турларини сезиларли даражада кенгайтириш, инвестициявий фаолликни рағбатлантириш ҳамда бозор иштирокчилари учун янада қулай ва жозибадор шароитлар яратиш назарда тутилган.
Хусусан, замонавий молиявий инструментларни амалиётга татбиқ этиш, инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш, капитал бозори инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда профессионал иштирокчилар фаолиятини тартибга солиш бўйича аниқ ва мустаҳкам ҳуқуқий нормалар белгиланмоқда.
Шу билан бирга, миллий капитал бозорини халқаро амалиёт ва илғор стандартларга мослаштириш, унинг шаффофлиги ҳамда фаолият самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қонун лойиҳаси тартибга солиш доираси жиҳатидан ҳам жуда кенг қамровли. Лойиҳа капитал бозоридаги муносабатларни замонавий талаблар асосида тартибга солиш, инвесторлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва бозор инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган нормаларни ўз ичига олади. Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликка мослигини таъминлаш ва мавжуд қонунчиликдаги айрим нормаларни такомиллаштириш зарурати ҳам кўзда тутилган.
Қонун лойиҳаси муҳокамаларида депутатлар, мутасадди идоралар вазирлик ва идоралари, мутахассис-экспертлар, тадбиркорлар ҳамда бевосита капитал бозори иштирокчиларининг таклифлари асосида унинг нормалари янада такомиллаштирилмоқда. Шунингдек, уларни амалиётда қўллаш билан боғлиқ иқтисодий ва ҳуқуқий оқибатлар атрофлича таҳлил қилинмоқда.
Шу боис лойиҳадаги ҳар бир норманинг мазмун-моҳияти, ҳуқуқий аҳамияти ва амалдаги қонунчилик билан уйғунлик даражаси бирма-бир кўриб чиқилмоқда. Хусусан, янги молиявий инструментларнинг ҳуқуқий атамаларидан тортиб, капитал бозори иштирокчиларининг ваколат ва мажбуриятлари, маҳаллий ва чет эллик инвесторлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича ривожланган мамлакатларнинг бой тажрибаси атрофлича ўрганилмоқда.

