Маҳаллий

Сариосиё—Термиз йўналишидаги поезддаги ҳолат юзасидан ўрганиш бошланди

Сариосиё—Термиз йўналишидаги поездда юзага келган ҳолат бўйича текширув бошланди. Бу ҳақда “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ матбуот хизмати маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда ушбу йўналишда ҳаракатланувчи поезд вагонларининг йўлакларида одамлар тиқилиб қолгани акс этган видео тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. Видеода вагон ичида совитиш тизими ишламаётгани, йўловчилар орасида ёши катта инсонлар, шунингдек, ёш болали ва чақалоқли аёллар борлиги айтилган.

Расмий муносабатда қайд этилишича, Сариосиё—Термиз йўналишида қатновни амалга ошираётган шаҳарлараро поезд 4 та йўловчи вагонидан иборат. Чипталар ўриндиқ рақами кўрсатилмаган ҳолда, яъни жойсиз сотилади. Йўловчилар амалдаги чипта асосида поездга чиқиб, бўш ўринларга жойлашади. Ҳар бир вагон 81 нафар йўловчини ўтирган ҳолда ташишга мўлжалланган. Дам олиш ва байрам кунлари йўловчилар оқимининг кескин ортиши сабабли айрим қатновларда гавжумлик кузатилиши мумкин.

“Поезд вагонлари йўловчилар учун зарур қулайликлар билан таъминланган. Жумладан, ёз мавсумида совитиш, қиш мавсумида эса иситиш тизимлари узлуксиз ишлаши таъминланади. Ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳолат юзасидан масъул мутахассислар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Йўловчиларга янада қулай, хавфсиз ва сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида зарур чоралар кўрилади”, дейилади муносабатда.

“Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ матбуот хизмати фуқароларни тасдиқланмаган ёки бир томонлама талқин қилинган маълумотларга эмас, балки расмий ахборот манбаларига таянишга чақирди.

Бир неча кун аввал Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов транспорт тизимидаги жиддий муаммолар, поездлар ва вагонлардаги ёмон шароитларни кескин танқид қилганди.

“Темирйўлда умуман шароит йўқ. Вагонга минган одам Тошкентга боргунча касал бўлиб қоляпти. На совитиш тизими ишлайди, на шароит бор. На билет бор, на вокзалда шароит бор. Сариосиёга қатнайдиган Термиздан шаҳар атрофи поездларига одам ташиб бўлмайди унинг ичида”, деган эди вилоят раҳбари.

Ҳоким бу жараёнда транспорт прокуратураси ва мутасадди идораларнинг эътиборсизлигини кескин танқид қилиб, транспорт прокурорини ҳолатга томошабин бўлиб турмасликка чақирганди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.