Иқтисодиёт

Санксияларга қарамай: Россия ЕИга 286 миллиард евролик нефт ва газ сотган

Россия бош вазири ўринбосари Александр Новакнинг маълум қилишича, мамлакат 2022-йилдан буён Европа Иттифоқига 320,7 миллиард доллар - қарийб 286 миллиард евролик нефт ва газ сотган. Бу Украинага қарши кенг кўламли уруш туфайли жорий этилган санксиялар шароитида амалга ошган.

Санксияларга қарамай, Россия ЕИга 286 миллиард евролик нефт ва газ сотган.

ДВ хабарига кўра, Новак бу рақамларни 12-октабр куни «Вести» теледастурида келтирган.

Россия Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 2026-йилнинг дастлабки тўққиз ойида Европага 21,3 миллиард долларлик, яъни 19,1 миллиард евролик энергия ресурслари етказиб берилган.

Шу билан бирга, Новак Россия энергия экспортининг асосий қисми ҳозир Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатларига йўналтирилганини айтган. Унинг сўзларига кўра, Россия дизел ёнилғиси экспортини ойига 3,5 миллион тоннагача ошириш имкониятига эга.

Россия Украинага кенг кўламли ҳужум бошлаганидан кейин ЕИ Россия энергетика секторига қарши бир қатор санксиялар жорий этган ва унинг энергия ресурсларидан тўлиқ воз кечиш йўлини танлаган.

Бироқ АФП агентлиги қайд этишича, ЕИнинг айрим давлатлари, жумладан, Франсия Россиядан энергия ресурслари, хусусан, суюлтирилган табиий газ харид қилишда давом этмоқда. Словакия ва Венгрия эса санксиялардаги истиснолар асосида қувур орқали етказиладиган Россия нефтини сотиб олмоқда.

Хабарда айтилишича, ҳисоб-китобларга Россия нефт ва газининг Ҳиндистон ёки Туркия каби учинчи мамлакатларда қайта ишланиб, кейин Европага етказилган қисми киритилмаган. Ушбу давлатлар, шунингдек, Хитой Россиядан хом нефт харидини сезиларли оширган.

11-октабр куни АҚШ молия вазири Скотт Бессент европаликларни «иккиюзламачилик»да айблаган. У Европа Россиядан энергия ресурсларини сотиб олиш орқали Владимир Путинни молиялаштиришда давом этаётганини даъво қилган.

Бу баёнотлар АҚШ ва Россия ўртасида дизел ёнилғиси етказиб бериш бўйича эълон қилинган келишув фонида янграган.

Доналд Трамп 9-октабр куни Владимир Путин билан телефон мулоқотидан сўнг Россия дизелини «Америка ва жаҳон бозорига» етказиб беришга келишилганини билдирган.

Трампнинг баёнотига кўра, Россия компаниялари дастлаб 300 минг тоннадан ортиқ, ноябрда яна 500 минг тонна, шундан сўнг эса 1 миллион тонна дизел жўнатиши керак. Кейинчалик нефтни қайта ишлаш заводларининг ҳолатидан келиб чиқиб, яна 3 миллион тонна етказиб бериш тилга олинган, аммо бу ҳажм учун аниқ муддат кўрсатилмаган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.