Маҳаллий

Самолётда юриш-туриш қоидаларини бузган йўловчиларга жарималар оширилиши мумкин

Ўзбекистонда авиация соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жарималарни кучайтириш таклиф этилмоқда. Самолёт командири ёки экипаж аъзосининг йўловчиларнинг юриш-туриш қоидаларига риоя қилиш ҳақидаги кўрсатмаларини такроран бажармаганлик учун 15−20 БҲМ жарима белгиланиши мумкин.

**Самолётда юриш-туриш қоидаларини бузган йўловчиларга жарималар оширилиши мумкин**

Самолёт командири ёки экипаж аъзоларининг юриш-туриш қоидаларига риоя қилиш ҳақидаги кўрсатмаларини бажармаган йўловчилар учун жаримани кўпайтириш таклиф қилинмоқда. Ўзбекистон Транспорт вазирлиги тайёрлаган қонун лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш порталига жойлаштирилган.

У Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, авиация соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар рўйхатини кенгайтириш ҳамда маъмурий ишларни кўриб чиқиш ваколатларини қайта тақсимлашни назарда тутади.

Лойиҳа Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 116-моддасини янги қисмлар билан тўлдиришни кўзда тутади. Ушбу модда учиш хавфсизлиги қоидаларини бузишга тааллуқли.

Таклифга биноан, қуйидаги ҳолатлар учун жарималар белгиланади:

Лойиҳада ҳаво кемасини бошқариш ва парвозларни таъминлашга бевосита алоқадор фаолият билан фақат тегишли ҳуқуққа эга шахслар шуғулланиши кераклиги белгиланган. Ҳаво кодексига мувофиқ, авиация ходимларининг касбий тайёргарлиги ва малакасига, шунингдек ҳаво кемаларининг учишга яроқлилигига нисбатан талаблар мавжуд.

Тушунтириш хатида техник носозликларга қарамай парвозни амалга ошириш хавфини изоҳлаш учун ҳаво кемасининг минимал жиҳозлари рўйхати — МЕЛ (Минимум Эқуипмент Лист) ҳам келтирилган. Унда қайси ускуна ёки тизим ишламай қолган тақдирда парвозга рухсат берилиши мумкинлиги ва қандай қўшимча чекловларга риоя этилиши белгиланади.

Ҳаво кемаларини давлат реестрида рўйхатдан ўтказиш ва уларга тегишли белгиларни бериш ҳам амалдаги талаблардан ҳисобланади. Лойиҳада бу талабларни бузганлик учун алоҳида маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф қилинмоқда.

Кодекснинг 117-моддаси — “Ҳаво кемасида юриш-туриш қоидаларини бузиш” моддасини янги таҳрирда баён этиш таклиф қилинмоқда.

Унга кўра, йўловчи ҳаво кемаси командирининг ёки унинг номидан экипаж аъзосининг ҳаво кемаси ичидаги юриш-туриш қоидаларига риоя қилиш ҳақидаги кўрсатмаларини бажармаса, 5 БҲМдан 10 БҲМгача жаримага тортилиши мумкин.

Агар худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такрор содир этилса, жарима 15 БҲМдан 20 БҲМгача оширилиши таклиф қилинмоқда.

Амалдаги 117-моддада ҳам ҳаво кемаси командири ёки экипаж аъзоларининг фармойишларини бажармаслик учун 5 БҲМдан 10 БҲМгача жарима назарда тутилган. Бироқ таклиф этилаётган таҳрирда йўловчининг айнан ҳаво кемаси ичидаги юриш-туриш қоидаларига риоя қилиш бўйича кўрсатмаларни бажармаслиги аниқлаштирилмоқда. Шунингдек, ҳуқуқбузарликни бир йил ичида такрор содир этганлик учун алоҳида, юқорироқ жарима белгиланмоқда.

Шу билан бирга, амалдаги моддада ҳаво кемаси бортида фото, кино ва видео тасвирга олиш, шунингдек, радиоалоқа воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш учун жарима ва тасвирга олиш воситаларига оид материалларни мусодара қилиш назарда тутилган. Лойиҳада бу қисмни чиқариб ташлаш таклиф этилган.

Тушунтириш хатида мазкур норма бугунги кунда ўз долзарблигини йўқотгани қайд этилган: йўловчиларда камераси бор шахсий телефонлар мавжуд, фото-плёнка ва видеокассеталар эса деярли ишлатилмайди. Шу сабабли тасвирга олишни тақиқлашга оид эски норма қайта кўриб чиқилмоқда. Бу ўзгариш бошқа юриш-туриш қоидаларига риоя қилиш мажбуриятини бекор қилмайди.

Лойиҳада Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни янги 198−10-модда билан тўлдириш таклиф этилмоқда. У Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги кўрсатмаларини бажармаслик учун жавобгарликни белгилайди.

Таклиф этилаётган жарималар қуйидагича:

Агар ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такрор содир этилса, фуқароларга 50 БҲМ, мансабдор шахсларга эса 100 БҲМ жарима солиш таклиф қилинмоқда.

Тушунтириш хатига кўра, агентлик амалда ҳам текширувлар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича юридик ва жисмоний шахсларга ёзма кўрсатмалар бериш ваколатига эга. Бу ваколат Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 19-апрелдаги 337-сон қарори билан тасдиқланган Агентлик тўғрисидаги низомда ҳамда 2014-йил 17-декабрдаги 346-сон қарор билан тасдиқланган парвозлар хавфсизлигини таъминлаш дастурида белгиланган.

Тушунтириш хатида келтирилишича, “Ўзавиация” агентлиги 2025-йил давомида 202 та назорат текшируви ўтказган ва фуқаро авиацияси ташкилотларига 95 та тақдимнома киритган. Янги модда орқали агентликнинг кўрсатмаларини бажариш мажбуриятини бузганлик учун алоҳида жавобгарлик жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Қонун лойиҳаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 245-, 248- ва 251-моддаларига ҳам ўзгартириш киритишни назарда тутади. Бу моддалар маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни қайси органлар кўриб чиқишини белгилайди.

Лойиҳага кўра, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги ҳаво транспорти соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни кўриб чиқувчи ягона орган сифатида белгиланади. Агентлик директори ва унинг ўринбосари, шунингдек бошқарма ва бўлимлар раҳбарлари айрим ишлар бўйича қарор қабул қилиш ҳамда маъмурий жазо қўллаш ваколатига эга бўлади.

Шу билан бирга, лойиҳада Агентлик мансабдор шахслари айрим ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий баённома тузиши ва уни судга юбориши белгиланган. Жумладан, янги 198−10-моддадаги — агентлик кўрсатмаларини бажармаслик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланганда шундай тартиб қўлланиши назарда тутилмоқда.

Кодекснинг бошқа моддаларига киритилаётган ўзгартиришлар ҳам ишларни кўриб чиқиш ваколатларини янги тартибга мувофиқлаштиришга қаратилган. Тушунтириш хатида бунга сабаб сифатида аввалги нормаларда айрим ҳуқуқбузарликлар бўйича ваколатлар Фуқаро авиацияси агентлиги ва Узбекистан Аирвайс ўртасида тақсимлангани кўрсатилган. Таклиф этилаётган таҳрирда маъмурий ишлар бўйича ваколатларни агентликда жамлаш назарда тутилмоқда.

Транспорт вазирлиги лойиҳани Президентнинг 2025-йил 27-октабрдаги ПФ-193-сон фармонида белгиланган вазифаларни бажариш учун ишлаб чиққан. Фармонда фуқаро авиациясида парвозлар хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО)нинг саккизта йўналиш бўйича талабларига риоя этилишини ўртача 85 фоизга етказиш мақсади белгиланган.

Лойиҳа, шунингдек, ИКАОнинг 2017 ва 2023-йилларда Ўзбекистонда парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш тизимини баҳолаш натижалари бўйича берган тавсияларини амалга оширишга қаратилган.

Тушунтириш хатида ИКАО Ўзбекистон қонунчилигида ҳуқуқни қўллашга оид нормалар мавжудлигини, бироқ жазолар ва ҳуқуқбузарликлар рўйхати чекланганини қайд этгани айтилган. Хусусан, ташкилотлар ва жисмоний шахслар томонидан содир этилиши мумкин бўлган айрим техник қоидабузарликлар етарлича қамраб олинмагани кўрсатилган. Шу сабабли янги ҳуқуқбузарлик таркиблари ва улар учун жазолар белгилаш таклиф қилинмоқда.

Лойиҳа муаллифларининг фикрича, ҳуқуқбузарликлар рўйхатини кенгайтириш ва жавобгарликни кучайтириш парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, қоидабузарликларнинг олдини олиш ҳамда халқаро стандартларни миллий қонунчиликка жорий этишга хизмат қилади.

Ҳужжатни тайёрлашда ИКАО стандартлари ва Европа Иттифоқи қоидалари, шунингдек Молдова, Туркманистон, Қозоғистон, Латвия ва Россия тажрибаси ўрганилган.

Тушунтириш хатида лойиҳани қабул қилиш давлат буджетидан қўшимча молиявий харажатларни талаб қилмаслиги ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш киритиш зарурати йўқлиги қайд этилган.

Қонун лойиҳаси 24-октабрга қадар муҳокамада бўлади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.