Самарқандда ўсмирлар машинани ЙПХ ходими устига ҳайдади ва уни ҳақоратлаб қочди
Кўп ўтмай улар камера қаршисида йиғлаб узр сўрашди.

Самарқандда ўсмирлар машинани ЙПХ ходими томон ҳайдаб, уни ҳақоратлаб қочиб кетди
Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида ЙПХ ходимининг қонуний талабига бўйсунмаган ва уни ҳақорат қилган техникум ўқувчилари аниқланди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода бир неча ўсмир Малибу-2 русумли автомобилда Иштихон тумани кўчаларида ҳаракатланиб, ЙПХ ходимининг тўхташ ҳақидаги талабига амал қилмагани, машинани унинг устига ҳайдаб боргани, шунингдек, ходимни ҳақоратлаб, воқеа жойидан қочиб кетгани акс этган.
Улар бу ҳолатни ўзлари видеога олиб, ижтимоий тармоққа жойлаштирган.
Ўрганишлар жараёнида қоидабузарликларни содир этган шахслар Каттақўрғон туманидаги 2-сонли техникум ўқувчилари экани маълум бўлган.
Улар машинани 1,2 млн сўмга ижарага олган ва ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ҳолда рулга ўтирган.
Мазкур ҳолат машинани ижарага берган тадбиркор, болаларнинг ота-оналари, туман ҳокими ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган раҳбарлари иштирокида танқидий муҳокама қилинган.
Самарқанд вилояти ЙҲХБ матбуот хизмати эълон қилган видеода ўқувчилар кўз ёш тўккан ҳолда ҳақорат учун ЙПХ ходимидан узр сўраган.
Ҳолат юзасидан Иштихон тумани ички ишлар бўлими томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Тўпланган материаллар қонуний қарор қабул қилиш учун прокуратура органларига юборилган.

